Ссылки доступа

Ўзбекистон 2026 йилгача газ экспортини тўхтатиши мумкин


Ўзбекистон 2025−2026 йилларга бориб газ экспортидан бутунлай воз кечиши мумкин. Бу ҳақда «Ўзтрансгаз» компанияси бошқаруви раиси Беҳзот Норматов маълум қилди, дея хабар бермоқда «Интерфакс».

«Эҳтимол, яқин келажакда Ўзбекистонда қазиб олинган газнинг ҳаммаси Ўзбекистонда қоладиган бўлади, чунки кимё заводлари кенгаймоқда, ички иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш керак. Ҳа, экспорт бор эди, лекин бизда ҳали ҳам иқтисодий динамика ўйлагандек эмас. Биз иш ўринлари яратишимиз керак, лекин тоза кўринишда экспортни амалга ошириш керак – уни қайта ишлаш ва қўшимча қиймат занжирларини яратиш иқтисодиёт учун қанчалик фойдали?» – деди Норматов. У экспортнинг тўхтатилиши 2025-2026 йилларга бориб содир бўлиши мумкинлигини таъкидлаб ўтди.

Айни пайтда Ўзбекистонда қазиб олинаётган газнинг қарийб 10 фоизи Хитойга экспорт қилинмоқда. Норматовнинг сўзларига кўра, фоиз Ўзбекистоннинг ички эҳтиёжларидан келиб чиқиб, ойдан ойга ўзгариб туради. Одатда, экспорт қилинадиган газ ҳажми қишда камаяди, ёзда эса кўпаяди.

«Ўзбекистон ҳудудида фаолият юритувчи компаниялар бор, уларнинг олдида бизда маълум мажбуриятлар бор. Яъни, лойиҳалар иқтисодиётини қўллаб-қувватлаш мақсадида – Хитой компаниялари, Россия компаниялари – биз уларга газ экспортини таъминлаймиз (экспорт учун газ Ўзбекистон ички бозоридаги нархлардан бир неча баравар юқори нархларда сотилади). Яъни буларнинг барчасини ички бозорга йўналтиришимиз мумкин эди, лекин биз ўзимиздаги келишувларга амал қиламиз», деди «Ўзтрансгаз» раҳбари.

2020 йилда бош вазир Абдулло Арипов газ экспортини 2025 йилгача тўхтатиб, уни мамлакат ичида тўлиқ қайта ишлашга ва қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ўтилишини маълум қилган эди.

2022 йилдан буён Ўзбекистон пандемия даврида кескин пасайган газ етказиб бериш ҳажмини оширмоқда. Беш ой давомида мамлакат 352,1 млн долларлик (ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,5 баробар кўп) ёқилғи экспорт қилди. Бу суммадан 138,9 млн доллар апрелни ўзига, 122,6 млн доллари эса май ойига тўғри келган.

XS
SM
MD
LG