Ссылки доступа

Владимир Путин Душанбега учиб кетди: ташриф тафсилотлари


Владимир Путин и Эмомали Рахмон. Архивное фото

Тожикистон Россия президенти Владимир Путиннинг Душанбега ташрифи тафсилотларига изоҳ берди. Тожикистон президенти матбуот хизмати хабарига кўра, Владимир Путин ва Эмомали Раҳмон ўртасидаги музокараларнинг асосий мавзулари икки томонлама муносабатлар ва Афғонистондаги вазият бўлади.

Озоди радиоси аввалроқ хабар қилганидек, бугун, 28 июнь куни Россия президенти Владимир Путин бир кунлик амалий ташриф билан Душанбега келади.

Тожикистон президенти матбуот котиби Абдуфаттоҳ Шарифзоданинг Озоди радиосига айтишича, бу ташриф давомида ҳеч қандай ҳужжат имзоланмайди. “Сафар ишбилармонлик характерига эга ва учрашувлар фақат 1+1 форматида бўлади”, — дея қўшимча қилди Шарифзода.

Шарифзоднинг сўзларига кўра, Владимир Путин ва Эмомали Раҳмон “икки томонлама ҳамкорлик, иқтисодий ва маданий алоқаларни ривожлантириш, минтақа ва жаҳондаги вазият, айниқса Афғонистондаги вазият”ни муҳокама қилади.

Айни пайтда Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаковнинг Россия матбуотига айтишича, Тожикистон ва Россия раҳбарлари дастлаб ҳарбий-техник ҳамкорлик ва миграция масалаларини муҳокама қилишади. “Шунингдек, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари кўриб чиқилади”, - деди Ушаков.

Музокаралар чоғида Афғонистондаги вазиятга алоҳида эътибор қаратилади. Тожикистон чегара хавфсизлигини таъминлаш, Афғонистон ҳудудидан радикалларнинг кириб келишининг олдини олиш бўйича қўшма чора-тадбирлар, мудофаа қурилиши масалалари муҳокама қилиниши режалаштирилган”, — деди Ушаков.

Россия ОАВ, жумладан Спутник ҳам Тожикистон ва Россия раҳбарларининг учрашувида Душанбенинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига кириши масаласи ҳам кўтарилиши мумкинлигини хабар қилди. Москва бир неча йилдирки Тожикистонни ЕОИИга аъзо бўлишга ундаб келади, бироқ Тожикистон расмийлари иттифоққа аъзо бўлишлари мумкин бўлган шартларни ҳали ҳам ўрганаётганларини ва Евроосиё Иқтисодий Иттифоқига қўшилса, қўшимча имтиёзларга умид қилишларини айтишмоқда.

"Биз тожикистонлик дўстларимиз ва ҳамкасбларимиз билан бу масалани доимий равишда муҳокама қиламиз. Албатта, биз ЕОИИ доирасидаги интеграциянинг афзалликларини турли даражаларда кўрсатамиз. Ҳамкасбларимиз бу масалани ўрганмоқда", — деди Юрий Ушаков.

Аввалроқ Душанбедаги экспертлар Озоди радиоси сўровига жавобан Владимир Путин ва Эмомали Раҳмон ўртасидаги музокараларнинг асосий мавзуси Афғонистондаги вазият бўлишини тахмин қилган эди. 2021 йил август ойида Афғонистонда Толибон экстремистик гуруҳи яна қуролли йўл билан ҳокимият тепасига келди, бироқ Тожикистон ва Россиянинг Кобулнинг янги ҳукмдорлари билан муносабатларига турлича қарашлари бор. Москва Толибон вакилларини бир неча бор қабул қилган. Душанбе эса Толибон Ислом Амирлигини танқид қилиб, Афғонистонда бу ҳукуматда “тожикларнинг муносиб ўрни”га эга бўлган инклюзив ҳукумат яратишга чақирди.

Ҳар икки давлат расмийлари ташрифдан мақсад Россия ва Тожикистон ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш эканини айтсада, икки президентнинг яккама-якка учрашуви ҳайратланарли. Айрим экспертларнинг фикрича, учрашувда икки давлат ўртасидаги айрим «нозик» масалалар, шунингдек, Тожикистондаги ички вазият муҳокама қилинади.

XS
SM
MD
LG