Ссылки доступа

Қозоғистон Сенати пирамида схемаларини реклама қилганлик учун жиноий жавобгарликни кучайтирувчи қонун лойиҳасини маъқуллади


28 июнь куни парламент Сенати депутатлари “Молиявий (инвестиция) пирамидалари фаолиятига қарши курашиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини икки ўқишда кўриб чиқди.

Бу молиявий пирамидаларни яратиш учун жавобгарликни кучайтиради ва уларнинг рекламаси учун жиноий жавобгарликни жорий қилади. Ҳужжат Президентга имзолаш учун юборилди.

Агар қонун лойиҳаси қабул қилинса, молиявий пирамидалар рекламаси учун 1000 дан 3000 МҲКгача (9,1 миллион тенгегача) жарима назарда тутилади. Бошқа жазо турлари 1200 соатгача жамоат ишлари, шунингдек, уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш қилишни назарда тутади. Молиявий пирамидаларни яратиш ва бошқариш учун 12 йилгача (ҳозирда 10 йилгача) озодликдан маҳрум қилиш жазосини жорий этиш режалаштирилмоқда. 15 июнь куни мазкур қонун лойиҳаси парламент томонидан маъқулланган эди.

Пирамида схемаларини реклама қилганлик учун жамоат арбоблари учун жиноий жавобгарликни жорий этиш таклифлари таниқли вайнерларга қарши молиявий пирамида бўйича жиноий иш бошланганидан кейин тез-тез янграй бошлади. Тергов маълумотларига кўра, вайнерлар Mudarabah Capital рекламасида қатнашган ва унинг шериклари сифатида даромад олган.

Апрель ойида ушбу иш бўйича жабрланувчи сифатида тан олинган олмаоталик Багила Дўсмаилова тергов жараёнидан норози бўлиб, Нур-Султондаги Ички ишлар вазирлиги биноси олдида ўзига тез ёнувчи суюқлик сепиб, ўзини ёқиб юборган эди.

Олмаота полицияси маълумотларига кўра, жиноят иши бўйича Туребаев ва Шерниёзов гумонланувчи сифатида аниқланган. Текширув Олмаота полиция департаментининг Тергов бошқармаси томонидан “Молиявий (инвестиция) пирамидасини яратиш ва бошқариш” моддаси бўйича олиб борилмоқда.

Шу кунгача молиявий пирамида иши бўйича гумон қилинаётган Меиржан Туребаев ва Меирхон Шерниязов ҳибсда сақланмоқда.

15 июнь ҳолатига кўра, Қозоғистон Молиявий мониторинг агентлиги маълумотларига кўра, жорий йилда 17 мингдан ортиқ қозоғистонлик молиявий пирамидаларга қарийб 27 миллиард тенге сармоя киритган.

XS
SM
MD
LG