Ссылки доступа

Зеленский: “Россиянинг БМТ Хавфсизлик кенгашида қолишга ҳаққи йўқ”


АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида 28 июнь куни БМТ Хавфсизлик кенгашининг фавқулодда йиғилиши бўлиб ўтди. У Россиянинг Кременчугдаги савдо марказига ракета зарбаси йўллаши муносабати билан Украина илтимосига кўра чақирилган эди.

Йиғилишда Украина президенти Владимир Зеленский Хавфсизлик кенгашига видеоалоқа воситасида мурожаат қилди. У ўз нутқида Россия БМТнинг тамал принципларини ва умуман халқаро ҳуқуқий тартибни мунтазам бузиб келаётгани сабабли уни БМТ Бош ассамблеясида овоз бериш ҳуқуқидан ҳамда Хавфсизлик кенгаши доимий аъзолигидан маҳрум этишга чақирди.

Зеленский Россия Украинада олиб бораётган урушни “мустамлакачилик уруши” деб атади ва Москва БМТдаги мазкур урушга доир масалалар бўйича овоз бериш жараёнида қатнашмаслиги лозимлигини таъкидлади.

Бундан ташқари, Зеленский БМТни “террорчи давлат” юридик мақомини жорий этишга чорлади. Зеленский фикрича, бундай мақомга эга барча мамлакатлар жазоланмоғи шарт: “Мен сизларни террорчи давлатни БМТ Бош ассамблеясидаги ваколатлардан маҳрум этишга чақираман. Бу жуда зарур. Ва бу адолатли қарор бўлади. БМТ Хавфсизлик кенгашида қолишга Россиянинг ҳаққи йўқ”, деди Украина президенти.

Айни пайтда БМТ бирон давлатга қарши санкциялар жорий этиб, унинг активларини музлатиши, қурол-аслаҳаси, технологиялари ёки маҳсулотларига эмбарго қўйиши мумкин.

Зеленский Россиянинг Кременчугдаги воқеалар бўйича расмий талқинига ва кремлпараст ОАВ ҳамда телеграм-каналларда ёйилаётган талқинларга ҳам муносабат билдирган: “Мен БМТга Кременчугдаги воқеа жойига бориб, бу ростдан ҳам Россия ракетаси зарбаси эканини тасдиқлаши учун Бош котибнинг махсус вакили ёки бошқа вакилни Украина юборишни таклиф этаман”, деган у.

Украина президенти илтимосига кўра, унинг нутқидан сўнг БМТ Хавфсизлик кенгаши Россиянинг Кременчугга ракета ҳужуми қурбонлари хотирасига бир дақиқа сукут сақлаган.

Йиғилиш бошланишидан олдин Хавфсизлик кенгашининг олти аъзоси – АҚШ, Албания, Буюк Британия, Ирландия, Норвегия ҳамда Франция махсус баёнот эълон қилиб, унда Россия томонидан 2022 йил 25-27 июнь кунлари Украина ҳудуди бўйлаб турар-жой мавзелари ва фуқаровий инфратузилма объектларига фаол ракета зарбалари берилганини кескин қоралаган. Баёнотда мазкур зарбалар оқибатида тинч аҳоли вакиллари нобуд бўлгани фактларига урғу берилган.

Баёнотни имзолаган мамлакатлар холис, профессионал ва мустақил тергов ўтказилиши, халқаро гуманитар ҳуқуқни поймол қилаётганлар ва ҳарбий жиноят содир этаётганлар жавобгарликка тортилиши зарурлигини таъкидлаганлар.

27 июнда Россия ҳарбийлари Полтава вилоятининг Кременчуг шаҳридаги савдо марказига ракета зарбаси йўллаган эди. Сўнгги маълумотларга кўра, 20 киши нобуд бўлган, 59 киши жабрланган, яна қарийб қирқ нафар одам бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда. Воқеа жойида қидирув-қутқарув ишлари ҳануз давом этмоқда.

28 июнда Россия Мудофаа вазирлиги Ҳарбий-космик кучлар 27 июнь куни Кременчугдаги “АҚШ ва Европа мамлакатларидан келтирилган қурол-аслаҳа ва ўқ-дори сақланаётган ангар”га юқори аниқликда урадиган ракеталар билан зарба берганини иддао қилган. Баёнотда ушбу ангарлар гўё Кременчуг йўл машиналари заводи ҳудудида бўлгани айтилади.

“Ўта аниқ зарба натижасида, Донбассдаги Украина қўшинларига жўнатиш учун омборда сақланаётган Ғарбда ишлаб чиқарилган қурол-аслаҳа ва ўқ-дори йўқ қилинди. Ўқ-дорилар портлаши завод ҳудудига ёнма-ён жойлашган ишламайдиган савдо марказида ёнғин чиқишига сабаб бўлди”, дейилган вазирлик хабарномасида.

БМТ Хавфсизлик кенгашининг фавқулодда йиғилиши чоғида Россия расмий вакили Мудофаа вазирлиги талқинини такрорлаган.

XS
SM
MD
LG