Ссылки доступа

Қозоғистон Бош прокуратураси: Январь воқеаларида 238 киши ҳалок бўлди


Январь воқеаларида 232 киши ҳалок бўлди, яна олти киши қийноқлар туфайли ҳалок бўлди, деди Қозоғистон Бош прокурори ўринбосари Асет Чиндалиев 29 июнь куни мажлис чоғида. Расмий маълумотларга кўра, қурбонлар сони 238 киши.

Шунингдек, бугун Асет Чиндалиев 9 нафар ходим қийноқлар қўллашда гумонланиб ҳибсга олингани ҳақидаги аввалги маълумотни тасдиқлади. Улардан саккиз нафари МХҚ ходими ва бир нафари полициячи. Жами 15 киши қийноқлар ва терговнинг ноқонуний усулларини содир этганликда гумон қилинмоқда.

Аввалроқ Қозоғистон расмийлари ҳам январь воқеалари чоғида 230 кишининг ўлими ҳақида хабар берган ва январь воқеалари бўйича одам ўлимига сабаб бўлган саккизта жиноий иш эълон қилган эди. 14 март куни Коррупцияга қарши кураш хизмати раҳбари Олжас Бектенов парламентнинг ялпи мажлисида ўлимга сабаб бўлган саккизта жиноий иш махсус прокурорларга ўтказилганини маълум қилди. Улардан учтаси Шарқий Қозоғистонда, иккитаси Олмаота вилоятида, яна иккитаси Олмаотада кўрилмоқда.

20 июнь куни Бош прокуратура вакиллари Олмаота вилояти МХҚ департаментининг икки ходимига нисбатан тергов ҳаракатлари якунлангани ҳақида маълум қилди. Улар маҳбусни калтаклашда, натижада унинг ўлимида гумон қилинмоқда.

Шунингдек, Бош прокуратура Олмаота вилоятида январь воқеаларини тергов қилиш чоғида 25 киши қиздирилган буғли дазмол ёрдамида қийноқлар қўллангани учун жабрланувчи сифатида тан олингани ҳақида хабар берди.

Қозоғистонда январь воқеаларига алоқадорликда айбланиб, минглаб одамлар ҳибсга олинди. Шикоятлар кўпайиб бораётган бир пайтда Қозоғистон расмийлари "ноқонуний тергов усуллари" бўйича 200 дан ортиқ иш қўзғатганини айтди. Қийноқ ҳолатларида жабрланганлар тергов давом этмаётганидан хавотир билдиришган. Апрель ойидан бери қийноқлардан омон қолган ўнлаб кишилар гуруҳи Олмаота прокуратураси биносига қайта-қайта келиб, расмийларни қийноқлар учун айбдорларни жавобгарликка тортишга чақирган. Ушбу талаблардан сўнг, июнь ойи бошида қийноқлар бўйича жабрланганлардан бири аввалига 15 суткага маъмурий қамоққа олинган, сўнгра икки ой муддатга ҳибсга олинган.

Расмийлар шу кунгача январь воқеаларида ҳалок бўлганларнинг исмларини эълон қилмаган. Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича референдум ўтказиладиган 5 июнь куни президент Қасим-Жўмарт Тўқаев январь воқеалари чоғида ҳалок бўлганлар рўйхати эълон қилинишига ваъда берган, бироқ муддатга аниқлик киритмаган.

Расмийлар инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг халқаро тергов ўтказиш ҳақидаги чақириқларини рад этди.

XS
SM
MD
LG