Ссылки доступа

Тожикистонда танасида 26 та пичоқ жароҳати топилган аёлнинг ўлими яна тергов қилинмоқда


Манораи Абдуфаттоҳ

Тожикистон Бош прокуратурасининг Ўта муҳим ишлар бўйича департаменти Файзобод туманида яшовчи ёш аёлнинг сирли ўлими юзасидан тергов бошлади.

Манораи Абдуфаттоҳнинг 26 та пичоқ жароҳати билан жасади ўтган йилнинг 22 июнь куни ижарага олинган хонадондан топилган эди. Июль ойида туман прокуратураси аёлнинг ўлимини “ўз жонига қасд қилиш” деб топди. Манораи Абдуфаттоҳнинг яқинлари унинг ўзига бунчалик пичоқ жароҳат етказиши мумкинлигига ишонишмайди.

Аёлнинг отаси Абдуфаттоҳ Мисоқов қизининг ўлими юзасидан тергов ишлари тўғри йўлга қўйилиши учун бир йил давомида турли идораларга ариза ёзганини айтади. 16 июнь куни Бош прокуратура Абдуфаттоҳ Мисоқовга расмий мактуб йўллаб, қизининг ўлимининг барча ҳолатлари яна бир бор ўрганилишини билдирган.

Манораининг отаси 29 июнь куни Озоди радиосига берган интервьюсида қизининг ўзига 26 та пичоқ жароҳати етказиши мумкинлигига ишонмаслигини, шунинг учун тергов органлари воқеани синчиклаб ўрганиши кераклигини айтди.

“Қизим ҳамшира бўлиб ишлаган бўлсада, оддий инъекциядан қўрқарди. Қандай қилиб у ўзини ошқозонига 4 марта, бўйнига 14 марта пичоқ урди. Бир томондан бешта пичоқ жароҳати излари бор, иккинчисида - битта зарба. Агар ўз жонига қасд қилмоқчи бўлса, ўзини бориб ҳожатхонага осиб қўярди, – дейди жаҳл билан Абдуфаттоҳ Мисоқов.

Манораи Абдуфаттоҳнинг ўлимини яна бир бор текшириш топширилган Тожикистон Бош прокуратурасининг алоҳида муҳим ишлар бўйича терговчилари телефон қўнғироқларимизга жавоб бермади. Илгари иккита экспертиза аёлнинг ўз жонига қасд қилганини кўрсатган эди.

Фожиали хабардан сўнг Маноранинг отаси меҳнат муҳожирлигида бўлган Россиядан шошиб қайтиб келди. Унга кўра, Файзобод тумани прокуратураси томонидан Тожикистон Республикаси Жиноят кодексининг 109-моддаси 1-қисми (Ўз жонига қасд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган, бироқ ҳеч кимга нисбатан айблов эълон қилинмаган.

Манораи Абдуфаттоҳнинг уч нафар кичкина фарзанди суд қарори билан эрининг оиласига ўтказилди. Фожиали воқеа вақтида Манораининг турмуш ўртоғи Абдуфаттоҳ Россияда ишлаб юрган. Марҳумнинг эрининг оиласи журналистлар билан мулоқот қилишдан бош тортмоқда.

Тожикистонда, экспертларнинг фикрича, аёлларнинг қотиллиги ва ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпинча оиладаги зўравонлик натижасида содир бўлади. Кўп ҳолларда ҳуқуқ-тартибот идоралари “қотилликка ундаш” моддаси бўйича жиноий иш қўзғатади. Аммо барча жиноий ишлар судга етиб боравермайди - кўпинча тергов ўз жонига қасд қилган аёлга руҳий касаллик ташхиси қўйилганлиги сабабли тугатилади.

XS
SM
MD
LG