Ссылки доступа

Путин: Россия Кременчугдаги тинч аҳоли манзилларига зарба бермаяпти


Россия президенти Владимир Путин чоршанба куни Украинанинг Кременчуг шаҳрига уюштирган ракета ҳужумига изоҳ берди. Путиннинг сўзларига кўра, Кременчугда ҳеч қандай теракт содир бўлмаган, Россия армияси эса тинч аҳоли манзилларига зарба бермайди.

Шу билан бирга, Путиннинг сўзларидан келиб чиқадики, у россиялик ҳарбийлар аввалроқ Украинадаги тинч аҳоли нишонларини ўққа тутганини тан олади – бироқ, унинг сўзларига кўра, уларнинг ёнига қурол ва оғир техникалар жойлаштирилган бўлган.

Путин Ахшободдаги Каспий саммитидан сўнг журналистлар билан суҳбатда ўз нуқтаи назарини билдирди. У февраль ойида Россиянинг Украинага бостириб кириши бошланганидан бери биринчи марта хорижга чиқди.

Украина ҳукумати Россияни фуқаролик объектига - Кременчугдаги савдо марказига мақсадли зарба беришда айблаб, буни терроризм деб атади. Савдо маркази Россия ракета ҳужумидан сўнг қисман вайрон бўлган ва ёниб кетган. Россия Мудофаа вазирлиги Кременчугга зарба берилганини тан олди, бироқ у қурол-яроғ омборларига берилгани ва ўқ-дориларнинг портлаши натижасида савдо маркази ёниб кетганини маълум қилди. Ракеталардан бири урилгани акс этган видеода унинг савдо марказига яқин жойда қўнаётганини кўриш мумкин.

Аввалроқ Путин Буча аҳолисининг оммавий ўлдирилишини рад этган, Россия ҳарбийлари эса Мариуполдаги туғруқхона ва драма театрига ҳужумлар ҳақидаги хабарларни «фейк» деб атаган.

Путин, шунингдек, Украинада махсус ҳарбий операция деб аталмиш режага мувофиқ кетаётганини ва унинг мақсадлари ўзгаришсиз қолаётганини яна бир бор таъкидлади.

XS
SM
MD
LG