Ссылки доступа

Туркия компанияси Бишкек ва Ўш аэропортларини модернизация қилади


Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси раиси Оқилбек Жапаров 29 июнь куни Жогорку Кенеш йиғилишида Туркиянинг YDA компанияси билан Бишкек ва Ўш аэропортларини модернизация қилиш бўйича музокаралар олиб борилаётганини маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, икки йил ичида инвестор 450 миллион доллардан 1 миллиард долларгача сармоя киритишни ва Қирғизистон Республикасининг иккита ҳаво бандаргоҳини тўлиқ реконструкция қилишни режалаштирган. “Яқин кунларда ҳужжатларни имзоласак, дарҳол иш бошланади. Биз томондан, агар иш ўз вақтида якунланмаса, инвестициялар тўлиқ Қирғизистонга ўтказилади, деган шарт қўйилмоқда”, — дея тушунтирди Вазирлар Маҳкамаси раҳбари.

Унинг сўзларига кўра, Туркия YDA аввалроқ Туркманистонда қурган аэропортни муддатидан аввал топширган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Миллий инвестиция агентлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шериклик маркази қатор хорижий компаниялар учун конференция ўтказгани ва унда «Манас» халқаро аэропортини модернизация қилиш лойиҳаси тақдим этилгани ҳақида хабар берган эдик. Қайд этилишича, Германия, Франция, Туркия, Аргентина, Жанубий Корея, Ҳиндистон ва Россия компанияларига «Манас» аэропортини модернизация қилиш ва Қирғизистонни Европа ва Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари билан боғловчи йирик авиация хабга айлантириш режалаштирилган инвестиция лойиҳаси тақдим этилди.

Давлат-хусусий шериклик маркази директори Санжар Болотов учиш-қўниш йўлагини тўлиқ реконструкция қилиш, эски жиҳозларни алмаштириш, мавжудларини модернизация қилиш ва янги йўловчи терминали қуриш, қурилиш ишларига камида 400 миллион доллар инвестиция жалб этиш режалаштирилаётганини маълум қилди.

Тахминларга кўра, аэропортнинг келажакдаги бошқаруви билан тендерда ғолиб чиққан ва аэропортни модернизация қилган компания шуғулланади.

Қирғизистон ҳукумати аввалроқ маҳаллий аэропортларни бошқаришни шахсий қўлларга ўтказиш ташаббуси билан чиққан эди. Охирги марта бундай ташаббус 2020 йилда кўтарилган, бироқ лойиҳа амалга оширилмаган.

Эслатиб ўтамиз, май ойи ўрталарида Ўш аэропортининг шифти бир неча жойдан тушиб кетган эди. Компаниянинг такидлашича, бу кучли ёмғирдан кейин бино томи остида катта ҳажмдаги сув тўпланиши натижасида содир бўлган. Бундан ташқари, компания малумотларига кўра, кучли шамол туфайли аэропорт биносидаги ташқи белги шикастланган.

Шифтнинг қулаши сабаблари ва оқибатларини ўрганиш бўйича комиссия тузилади, деди компания. Дарҳақиқат, транспорт прокуратураси томонидан ҳам текшириш бошланди.

Ўш шаҳридаги халқаро аэропорт Қирғизистондаги иккинчи муҳим ҳаво бандаргоҳидир. Унинг биноси 1974 йилда қурилган бўлиб, 2012 йилдан буён реконструкция қилиш учун 156 миллион сомдан ортиқ маблағ сарфланган.

XS
SM
MD
LG