Бу ҳақда 30 январь куни Марказий коммуникациялар хизматида бўлиб ўтган брифингда Бош прокуратура биринчи хизмати бошлиғи ўринбосари Елдос Қилимжонов январь воқеалари тергови ҳақида гапирар экан маълум қилди.
“Ишларнинг асосий қисми тартибсизликлар ва террорчилик актларига қарши олиб борилмоқда”, деди Бош прокуратура вакили.
Унинг айтишича, Қизилўрда вилоятида муддатли ҳарбий хизматчи Қайсаровнинг ўлимидан сўнг “Террорчилик акти” моддаси бўйича қўзғатилган жиноят иши бўйича суд жараёни давом этмоқда.
Бундан ташқари, Чимкентда 35 нафар гумонланувчи судга тортилди. Суд уларни турли жазо чораларига ҳукм қилди, бироқ брифингда жазо муддатлари ва айбловлар айтилмади.
“Оғирлаштирувчи ҳолатлар бўлмаган тақдирда прокурорлар судларни озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни тайинлашга йўналтиради. Процессуал келишув институти ҳам кенг қўлланилмоқда”, — деди Бош прокуратура спикери.
Унга кўра, Қизилўрда вилоятида 42 нафар гумонланувчига нисбатан жиноятни айбни тан олиш тўғрисидаги битим шаклидаги процессуал келишув тузилган ҳолда иш судга юборилган. Худди шу тартиб билан Олмаота вилоятида 15 нафар, Жамбил вилоятида саккиз нафар, Ақтўбе ва Шарқий Қозоғистон (шу жумладан, янги ташкил этилган Абай вилояти) вилоятларида уч нафар шахсга нисбатан иш судга юборилган.
Спикернинг айтишича, 55 нафар шахс озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларга ҳукм қилинган. Январь воқеалари бўйича судларга жами 392 та жиноят иши юборилган бўлиб, уларда 445 нафар шахс судланган.
“Давлат мансабдор шахсларига зўравонлик қилиш, мол-мулкни йўқ қилиш билан боғлиқ оғир жиноятларни содир этган, етказилган зарарни қопламаган, судланганлиги аниқ бўлган 46 нафар шахс аниқ жазо олди”, — деди Елдос Қилимжонов.
Шунингдек, унинг ҳисоботига кўра, январь воқеалари бўйича жами мингдан ортиқ киши гумондор деб топилган. Ҳозирда 514 киши ҳибсда. 284 нафар шахсга нисбатан яшаб турган ҳудудини тарк этмаслик, гаров, уй қамоғи ва шахсий кафиллик тўғрисидаги ёзма мажбурият билан алмаштирилди.
30 июнь куни бўлиб ўтган брифингда сўзга чиққанлар январь воқеаларида ҳалок бўлганларнинг умумий сонини эълон қилишмади. 29 июнь куни Қозоғистон Бош прокурори ўринбосари Асет Чиндалиев 29 июнь куни парламент мажлиси чоғида ўлганларнинг умумий сонини 238 киши деб айтди. Унга кўра, январь воқеаларида 232 киши, яна 6 киши қийноқлар туфайли ҳалок бўлган. Аввалроқ ҳукумат январь воқеаларида 230 кишининг ўлими ва маҳбуслар ўлими бўйича саккизта жиноий иш қўзғатилганини маълум қилган эди. Улардан учтаси Шарқий Қозоғистонда, иккитаси Олмаота вилоятида, яна иккитаси Олмаотада.
Расмийлар шу кунгача январь воқеаларида ҳалок бўлганларнинг исмларини эълон қилмаган. Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича референдум ўтказиладиган 5 июнь куни президент Қасим-Жўмарт Тўқаев январь воқеалари чоғида ҳалок бўлганлар рўйхати эълон қилинишига ваъда берган, бироқ муддатга аниқлик киритмаган.
Расмийлар, шунингдек, инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг халқаро тергов ўтказиш ҳақидаги чақириқларини рад этди.
Бундан ташқари, январь воқеаларидан кейин қўзғатилган қийноқлар бўйича жабрланганларнинг умумий сони тўғрисида бугунги кунгача аниқ янгиланган маълумотлар йўқ. Аввалроқ Бош прокуратура Олмаота вилоятида январь воқеаларини тергов қилиш чоғида 25 киши қиздирилган буғли дазмол ёрдамида қийноқлар қўллаш ҳолатлари бўйича жабрланувчи деб топилгани ҳақида хабар берган эди.
Бундан ташқари, 9 нафар ходим қийноқларда гумонланиб ҳибсга олингани хабар қилинган. Улардан саккиз нафари МХҚ ходими ва бир нафари полициячи. Шу кунгача жами 15 киши қийноқ ва терговнинг ноқонуний усулларини содир этганликда гумон қилинмоқда.