Ссылки доступа

Қирғизистонда казино фаолияти қонунийлаштирилди


Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров хорижликлар учун казино очишга рухсат берувчи қонунларни имзолади.

Давлат раҳбари сайтида 30 июнь куни эълон қилинган маълумотларга кўра, имзоланган икки қонун расман “Қирғизистон Республикасида қимор бизнеси тўғрисида” ва “Қимор ўйинлари бўйича айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида” деб номланади.

Тушунтиришда айтилишича, қонун инвестицияларни жалб қилиш орқали давлат бюджетига қўшимча маблағларни жалб қилиш мақсадида ёзилган.

Казинони болалар боғчалари, мактаблар, университетлар, таълим, маданият, тиббиёт ва диний муассасаларда, шунингдек, турар-жой биноларида очиш мумкин эмас. Қирғизистон фуқаролари, 21 ёшгача бўлган чет эл фуқаролари ва ногиронлиги бўлган чет эл фуқаролари кўнгилочар муассасаларга ташриф буюрувчи сифатида кира олмайди.

Казинонинг битта ўйин столи (1 парки) учун солиқ миқдори 2022 йилда 750 минг сом, 2023 йилдан бошлаб 1 миллион сомни ташкил этади.

Ўтган ҳафта Жогорку Кенеш қимор ўйинлари тўғрисидаги қонунни қабул қилди. Қонун қабул қилингандан сўнг маҳаллий аҳолининг бир қисми акцияга киришиб, президент Садир Жапаровдан қиморхона ҳақидаги қонун лойиҳасига имзо чекмасликни сўраган.

22 июнь куни ҳукуматнинг казино очиш тўғрисидаги таклифи парламентнинг иккинчи ўқишида беш марта овозга қўйилди ва дарҳол учинчи ўқишда овозга қўйилди. 58 депутат «маъқул» ва 9 нафар депутат «қарши» овоз берди. “Бутун Қирғизистон” фракциясининг беш нафар депутати овоз бермади.

XS
SM
MD
LG