Ссылки доступа

Қаршида 18 ёшли аскар ўлими юзасидан жиноят иши қўзғатилди


Ўзбекистоннинг Қарши шаҳрида муддатли хизмат ўтаётган 18 ёшли Руслан Қидиралиевнинг ўлими юзасидан иш қўзғатилди.

Kun.uz нашрининг марҳум аскар отаси Ринат Суалетов сўзларига таянган ҳолда хабар қилишича, мазкур иш 27 июнь куни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми (касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармасликда ифодаланган эҳтиётсизлик оқибатида инсон ўлимига сабабчи бўлиш) билан шифокорларга нисбатан иш қўзғатилган, ҳолат юзасидан Қарши ҳарбий прокуратураси дастлабки терговни бошлаган.

Айтилишича, Руслан Қидиралиев хизматга чақирилганидан 50 кун ўтиб Қарши ҳарбий госпиталида вафот этган. Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки хулосасида аскарнинг ўлимига “Юракнинг сурункали ишемик касаллиги. Юрак гипертрофияси. Кардиосклероз. Аорта ва юрак тож томирлари атеросклерози” сабаб бўлгани, экспертиза текшируви жараёнида марҳумда “ўткир юрак ва қон-томирлари етишмовчилиги, бош мия ва ўпка шиши” кўринишидаги касалликлар асоратлари аниқлангани қайд этилган.

Бироқ марҳумнинг яқинлари Kun.uz'га экспертиза хулосасига ишонмаётганларини айтишган. Уларга кўра, агар Русланда қандайдир сурункали касаллик бўлганида, бу тиббий кўриклар вақтида аниқланган ва у ҳарбий хизматга олинмаган бўларди.

Отасининг иддаосича, ўғлининг жасадида моматалоқ излари бўлган, бироқ ўлим ҳақидаги тиббий гувоҳномада марҳумнинг танасидаги кўкариш ва қизариш сабаблари ҳақида лом-мим дейилмаган. Русланнинг ота-онаси моматалоқ излари калтак асорати бўлиши мумкинлиги, ўғилларининг ўлимига айнан шу нарса сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини тахмин қилишмоқда.

XS
SM
MD
LG