Ссылки доступа

CPJ Тожикистон ҳукуматидан журналист Анора Саркоровага босимни тўхтатишга чақирди


Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (CPJ) Тожикистон ҳукуматини мустақил тожик журналисти Анора Саркоровага босимни тўхтатишга ва мамлакатдаги воқеаларни эркин ёритишга аралашмасликка чақирди.

CPJ томонидан 29 июнь куни эълон қилинган баёнотда Анора Саркорованинг яқинларининг журналистик маълумот манбаларини ошкор қилиш мақсадида ҳибсга олиниши Тоғли Бадахшон автоном вилоятидаги воқеалар ҳақида мустақил хабар берилишига тўсқинлик қилишга уриниш сифатида баҳоланади.

Тожикистон ИИВ Уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси ходимлари 27 июнь куни эрталаб ТБМВдаги воқеаларни ижтимоий тармоқларда фаол ёритаётган Анора Саркорованинг онаси ва укасини қўлга олди. Бу ҳақда Анора Саркорованинг ўзи Озоди радиоси билан суҳбатда маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, сўроқдан сўнг она ва акага уйга кетишга рухсат берилган.

Анора Саркорованинг Озоди радиосига айтишича, сўроқ пайтида Тожикистон ИИВ Уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси ходимлари асосан унинг мустақил журналист сифатидаги фаолияти билан қизиқган. Аввалроқ Саркорованинг Помирдаги қариндошлари ҳам Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига сўроққа чақирилган эди. Журналистнинг фикрича, шу йўл билан “ҳокимият ҳамманинг жим туришини ва мамлакатда содир бўлаётган инсон ҳуқуқларининг оммавий бузилиши ҳақида гапиришни бас қилишни хоҳлайди”.

Анора Саркорова 2018 йилгача BBC Рус хизматининг Тожикистондаги мухбири бўлиб ишлаган. Унинг сўзларига кўра, ҳокимият ТБМВдаги воқеаларни мустақил ёритишни ёқтирмаган, шунинг учун уни кейинги аккредитациядан маҳрум қилишган.

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси штаб-квартираси Нью-Йорк шаҳрида жойлашган, журналистлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга бағишланган халқаро нодавлат ташкилотдир.

XS
SM
MD
LG