Ссылки доступа

Қорақалпоғистонда 2 августгача фавқулодда ҳолат эълон қилинди


Uzbekistan - demonstrations in Karakalpakstan

Ўзбекистон Конституциясининг янги таҳририга қарши оммавий норозилик намойишлари юз берган Қорақалпоғистонда 1 ойлик фавқулодда ҳолат эълон қилинди.

Президент матбуот хизматининг хабар беришича, фавқулодда ҳолат бутун республика ҳудудида 2022 йил 3 июль куни соат 00:01 дан 2022 йил 2 август куни соат 00:00 га қадар бўлган даврда амал қилади.

Расмий хабарда айтилишича, фавқулодда ҳолат "фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни тиклаш мақсадида" жорий қилинмоқда.

Фармонга кўра, "Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида фавқулодда ҳолат амал қилиш даврида соат 21:00 дан соат 7:00 га қадар комендантлик соати жорий этилди".

Озодлик манбаларига кўра, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2 июль куни Нукусда Конституциянинг Қорақалпоғистонга оид моддалари ўзгаришсиз қолдирилиши ҳақида берган баёнотидан сўнг ҳам намойишлар давом этган.

Ўзбекистон ҳукумати намойишларни бостириш чоғида қанча одам талофот кўргани ҳақида расмий маълумот бергани йўқ.

Ҳукумат намойишларни "ноқонуний" деб атаган ва тартибсизликларда "конституциявий ислоҳотларни нотўғри талқин қилган айрим фуқаролар"ни айблаган.

Ижтимоий тармоқларда хавфсизлик кучлари намойишчиларга қарши куч қўллагани акс этган видеолар тарқалмоқда, ҳукумат бу борада ҳеч қандай расмий маълумот бергани йўқ.

1 июль куни "жамоат тартибини сақлаш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари жалб этилгани" билдирилган.

2 июль якшанба куни оммавий намойишлар бўлаётган Қорақалпоғистон республикаси маркази Нукусга етиб борган президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Конституциясининг Қорақалпоғистоннинг мақоми билан боғлиқ моддалари ўзгаришсиз қолдирилишини эълон қилди.

"Лойиҳадаги Қорақалпоғистон Республикасининг ҳуқуқий мақомига оид нормаларни ўзгартиришсиз қолдириш зарур, деб ҳисоблайман. Яъни, Конституциянинг 70, 71, 72, 74, 75-моддалари ўзгаришсиз қолдирилади. Олий Мажлис Қонунчилик палатасидан ушбу масалани тез кунларда кўриб чиқишни сўрайман", дея Мирзиёевнинг Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари ва фаоллари билан учрашувда айтган сўзларидан иқтибос келтирди Президент матбуот хизмати.

Аввалроқ президент Мирзиёев ва ҳукумат вакилларининг норозилик намойишлари манзарасида Қорақалпоғистонга шошилинч сафар қилгани хабар қилинганди.

26 июнь куни жамоатчилик муҳокамасига қўйилган янги таҳрирдаги Конституциянинг Қорақалпоғистонга оид моддалари Ўзбекистон таркибидаги республика аҳолиси ўртасида норозилик уйғотган эди.

Тармоқлардаги қизғин муҳокамалар ортидан 1 июль куни Нукусда оммавий намойишлар бошланиб кетган.

Шу куниёқ айрим тармоқ фойдаланувчилари Қорақалпоғистон ҳудудига Қуролли Кучлар ҳарбий техникаси киритилгани айтилаётган видеотасвирларни жойлаштирди. Бу видеолар ким томонидан ва қачон олингани номаълумлигича қолмоқда.

Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси хабарича, Ўзбекистон билан Қозоғистоннинг Мангистау вилояти чегарасидаги “Даут ата” – “Тажен” маскани орқали одамлар, транспорт воситалари ва юкларни ўтказиш вақтинча тўхтатди.

Қорақалпоғистон Қозоғистоннинг Мангистау, Актюбе ҳамда Қизилўрда вилоятлари билан чегарадош. Қозоғистон МХҚ чегарадан ўтиш “ўзбекистонлик ҳамкорларнинг ахборот тизими ишдан чиққанлигига доир 2022 йил 1 июлдаги маълумотига мувофиқ” вақтинча тўхтатилганини билдирди. Қўмита пресс-релизига кўра, Қорақалпоғистон – Бейнеу йўналишида темир йўл қатновини ҳам тўхтатиб туриш режаланмоқда.

2 июль куни Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеcи, ҳукумати ва Ички ишлар вазирлиги қўшма баёнот чиқариб, 1 июль куни бир гуруҳ шахслар фуқароларни Қорақалпоғистон Республикасининг маъмурий бинолари олдига йиғиб, бу биноларни эгаллаб олишга уринганини таъкидлади.

XS
SM
MD
LG