Ссылки доступа

Қорақалпоғистон аҳолисидан зарурат бўлмаса кўчага чиқмаслик сўралди


Қорақалпоғистондаги тартибсизликларда ҳуқуқбузарликлар содир этган бир қанча шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда 3 июль куни АОКАда ўтказилган брифингда Миллий гвардия Ахборот хизмати раҳбари Даврон Жуманазаров маълум қилди.

«Фуқаролар орасида провакацион ташвиқотлар тарқатган ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмасдан фаол қаршилик кўрсатган айрим шахслар қўлга олинди», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, куни кеча президент Жўқорғи Кенгесга қилган мурожаатидан сўнг, ҳудуддаги вазият барқарорлашиб, ҳаёт ўз маромига қайтмоқда.

Таъкидланишича, фавқулодда ҳолат жорий этишга оид фармонга асосан жамоат тартибининг ўта муҳим ва тоифаланган объектлари ҳамда аҳолининг ҳаёт фаолиятини таъминловчи инфратузилма объектларининг муҳофазаси кучайтирилди.

Ҳудудда шунингдек, транспорт воситалари ҳаракатига ҳам чеклов ўрнатилди. Фуқароларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари текширилиб, транспортлари кўздан кечирилмоқда. Корақалпоғистонга кириш ва ундан чиқиш чекланди.

«Ушбу ҳудуда қурол, ўқдорилар, портловчи моддалар ва махсус воситалар сотилиши тақиқланиб, жисмоний ва юридик шахслардан қурол ва ўқдорилар вақтинча олиб қўйилиши жорий қилинди. Дори-дармон ва алкоголь маҳсулотлари муомаласи эса алоҳида тартибда жорий этилди», — деди Миллий гвардия вакили.

Бу чора-тадбирларнинг барчаси Ўзбекистон ҳамда Қорақалпоғистоннинг тинчлигини таъминлаш, аҳоли осойишталиги ва хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, қонунийлик ҳамда ҳуқуқ тартиботини тиклашга қаратилгани қўшимча қилинди.

«Алоҳида таъкидлаш жоизки, айрим ижтимоий тармоқларла иғвогар шахслар томонидан бошқа давлатларда бўлиб ўтган жамоат тартибсизликлари мобайнидаги турли кўринишдаги эски фото ва видео лавҳалар тарқатилмоқда. Бундай сохта маълумотларга ишонмасликларингизни, аниқ ва тўғри хабарларни эса фақатгина расмий сайтларимиз орқали эга бўлишларингизни эслатиб ўтамиз», — деди Даврон Жуманазаров.

«Қорақалпоғистондаги юртдошларимизни ҳамжиҳатликда ва оқилона иш тутишларини, жорий қилинган фавқулодда ҳолат талабларига қатъий риоя қилишларингизни, шунингдек, асоссиз кўчага чиқмасликларингизни илтимос қилиб қоламиз», — деди у.

XS
SM
MD
LG