Бу ҳақда 4 июль куни АОКАда ўтган брифингда Миллий гвардия ҳамда Бош прокуратура масъуллари хабар берди.
Жароҳатланган фуқароларнинг 149 нафарига тез тиббий ёрдам кўрсатилиб, уйига жавоб берилган.
«Ҳозирда касалхоналарда жами 94 нафар бемор даволанмоқда ва оғир аҳволда бўлганлари бор. Шу жумладан, жароҳатланганлар орасида ҳуқуқ-тартибот ходимлари ҳам бор. Масалан, Миллий гвардия Қорақалпоғистон бўйича Қўриқлаш бошқармаси сафдори кўкрак қисмидан ўқдан жароҳатланган», — деди Миллий гвардия Ахборот хизмати раҳбари Даврон Жуманазаров.
Қолаверса, яна бир сафдор чап оёқ болдир суяк ёпиқ синиш жароҳатини, жиззахлик ва тошкентлик икки нафар сафдор бош мия очиқ жароҳатини олган.
Бундан ташқари, 1−2 июль кунлари Нукус шаҳридаги тартибсизликларда қатнашиб, воқеа жойида ушланган 516 фуқаро ИИБга топширилди. Улар билан суриштирув ишлари олиб бориляпти. Суриштирувдан сўнг уларнинг айримлари маъмурий жазо қўлланилиб, қўйиб юборилган.
Миллий гвардия матбуот котибининг маъдум қилишича, фавқулодда ҳолат эълон қилингандан сўнг, 3 июлдан 4 июлга ўтар кечаси комендантлик тартибини бузган 110 нафар фуқаро кўчаларда бемақсад юргани учун Ички ишлар идораларига топширилган. 12 та транспорт воситаси жарима майдонига қўйилган.
"Тергов ва тезкор-қидирув тадбирлари давом эттирилмоқда", – дейилади баёнотда.
Бош прокуратуранинг қайд этишича, тергов ва тезкор-қидирув тадбирлари қонунларга қатъий риоя қилинган ҳолда ўтказилиб, қонун устуворлиги ва жазо муқаррарлигини таъминлашнинг барча чоралари кўрилади.