Ссылки доступа

Россия чегараларни кесиб ўтишда COVID-19 чекловларини олиб ташламоқда


Россия 15 июлдан бошлаб COVID-19 тарқалиши муносабати билан чегарадан ўтишга қўйилган барча чекловларни олиб ташлайди. Улар пандемия сабабли 2020 йил март ойида ўрнатилган эди.

14 июндан денгиз ва ҳаво ўтказиш пунктлари орқали киришга қўйилган чекловлар олиб ташланди, энди мамлакатга барча қуруқликдаги транспортда ҳам кириш мумкин. Шу билан бирга, чет элликларга кириш учун ПЗР тестидан ўтиш талаблари сақланиб қолмоқда, Белоруссия фуқаролари бундан мустасно.

1 июль куни Роспотребнадзор коронавирусга қарши илгари жорий қилинган чекловларни тўхтатди.

Шу билан бирга, ҳукумат матбуот хизмати ушбу ҳужжат мамлакатдан қуруқлик чегаралари орқали чиқиб кетиш чекловларига тааллуқли эмаслигини ва улар “бундай қарорлар қабул қилинган тақдирда қўшимча равишда эълон қилиниши”ни маълум қилди.

Роспотребнадзор енгилликлар тўрт ой давомида касалланишнинг барқарор пасайиши билан боғлиқлигини тушунтирди, аммо эпидемиологик вазият ёмонлашса, чекловлар қайтарилиши ҳақида огоҳлантирди.

30 мартдан бошлаб Россия фуқароларининг Қозоғистон билан қуруқликдаги давлат чегаралари орқали ўтишига қўйилган чекловларни бекор қилди. Ўз навбатида, Қозоғистон 11 апрелдан бошлаб Россия, Ўзбекистон ва Қирғизистон билан қуруқликдаги чегарани кесиб ўтиш учун ўтказиш пунктларидаги чекловларни олиб ташлади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, сўнгги бир ҳафта ичида янги ҳолатлар сони 18 фоизга ўсди, бутун дунё бўйлаб тўрт миллиондан ортиқ одам ушбу инфекцияни юқтирган. Янги COVID-19 ҳолатларининг ҳафталик энг катта ўсиши Яқин Шарқда бўлиб, у ерда ҳолатлар 47 фоизга ошган. Эвропада коронавирус инфекцияси билан касалланиш бир ҳафта ичида учдан бирига ошди.

Американинг Жонс Хопкинс университетининг 3 июлдаги маълумотларига кўра, дунёда коронавирус билан касалланганлар сони 548 миллион 828 минг нафарга етган. Дунёда вирус тарқалиши бошланганидан бери COVID-19 инфекцияси оқибатларидан 6 миллион 338 519 киши вафот этди.

20 миллиондан ортиқ инфекцияга чалинган мамлакатлар қаторига АҚШ, Ҳиндистон, Бразилия, Франция, Германия ва Буюк Британия киради.

XS
SM
MD
LG