Ссылки доступа

Швеция ва Финляндия НАТОга қўшилиш тўғрисидаги шартномани 5 июль куни имзолайди


GENERIC – Flags of Sweden and Finland against the background of the symbol of NATO

Швеция ва Финляндия НАТОга қўшилишга оид 4 июль куни бўлиб ўтган музокараларни битта раунддаёқ якунига етказишган. Альянсга қўшилиш тўғрисидаги шартнома 5 июль куни НАТО қароргоҳида имзоланади. Бу ҳақда НАТОнинг расмий сайтида маълумот тарқатилди.

Финляндия ва Швециянинг НАТОга расман қўшилиши учун мазкур шартнома ўз парламентлари ва альянсга кирган 30 та мамлакат парламентлари томонидан ратификация қилиниши зарур.

Бу икки мамлакат Россия қўшинлари Украинага бостириб кирганидан кейин НАТОга аъзо бўлиш истагини билдирган. Финляндия ва Швеция Европада Россия тажовузи сақланиб қолаётган бир шароитда ўз хавфсизлиги учун ташвишланиб, НАТОга қўшилиш учун ариза топширган. НАТО бош котиби Йенс Столтенберг ва АҚШ президенти Жо Байден бу мамлакатларнинг альянсга қўшилиши жараёнини тезлатишни ваъда қилишган.

Финляндия ва Швециянинг НАТОга қўшилишига Туркия қарши чиққан. Анқара иддаосича, бу мамлакатлар Туркия томонидан террорчиликка алоқадор деб ҳисобланган шахсларни топширишдан бош тортишган. Бироқ 28 июнь куни НАТОнинг Мадриддаги саммитида мазкур мамлакатлар ўзаро муросага келишга муваффақ бўлишган.

Шундан кейиноқ НАТО Финляндия ва Швецияга альянсга қўшилишни расман таклиф қилган. “Финляндия ва Швециянинг НАТОга қўшилиши уларни янада ҳимояланганроқ, альянсни янада кучлироқ, Евроатлантика ҳудудини эса янада хавфсизроқ қилади”, дейилган Мадрид саммитининг якуний декларациясида.

Ўша декларацияда НАТО мамлакатлари Россияни Европа ва дунё хавфсизлиги учун асосий ва тўғридан-тўғри таҳдид деб аташган. Аввал НАТО Россия Федерациясини стратегик ҳамкор ўлароқ кўрар эди.

XS
SM
MD
LG