Ссылки доступа

AI Ўзбекистон расмийларини Нукусдаги воқеалар юзасидан холис тергов ўтказишга чақирди


Ўзбекистон расмийлари Нукусда айнан нима содир бўлганини зудлик билан очиқлаб, норозиларга қарши куч қўлланилиши юзасидан холис, мустақил ва диққат билан текширув ўтказишлари ҳамда айбдорларга нисбатан адолатли судловни таъминлашлари шарт.

Бу ҳақда Amnesty International халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича директори Мари Стразерс билдирди.

“Биз Ўзбекистон расмийлари мустақил овозларни бўғиш ва ахборот тарқалишига тўсқинлик қилиш (жумладан фавқулодда ҳолат тартибини эълон қилиш орқали) бўйича ўзининг одатдаги тактикасини қўллаётганидан хавотирдамиз. Нукусда интернет ва мобил алоқанинг ўчириб қўйилиши дунё аҳлининг ҳордиқ кунлари нималар содир бўлганини билишига халақит бермоқда. Биз расмийларга қарши танқидий кайфиятда бўлган ҳуқуқ фаоллари қўлга олингани, уларга қийноқ ва шафқатсиз муомаланинг бошқа турлари хавф солаётгани ҳақида хабарлар олдик, бироқ ахборот қамали бу маълумотларни мустақил текшириш имкониятини деярли йўққа чиқармоқда”, деган Мари Стразерс.

Қорақалпоғистонда Ўзбекистон конституциясига киритилиши таклиф этилаётган ўзгартишларга қарши оммавий норозилик чиқишлари 1 июль куни бошланиб, 2 июль оқшомида хавфсизлик кучлари намойишчиларни тарқатиши ортидан поёнига етган. Ўзбекистон расмийлари маълумотига кўра, тартибсизликлар чоғида 18 киши қурбон бўлган, 38 нафар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари дохил 243 киши яраланган. Норозилик намойишлари ортидан 516 киши қўлга олинган.

Аввалроқ Озодлик Европа Иттифоқи Қорақалпоғистонда рўй берган қонли воқеаларни очиқ ва мустақил тергов қилишга чақиргани ҳақида хабар қилган эди.

XS
SM
MD
LG