Ссылки доступа

Қозоғистонда «товламачилик»да гумон қилинган журналист Махамбет Абжан ҳибсга олинди


Қозоғистонлик журналист Махамбет Абжан икки ойга ҳибсга олинди. Нур-Султонда яшовчи журналистга нисбатан «товламачилик»да гумон қилиниб, “тергов суди томонидан рухсат этилган” эҳтиёт чораси қўлланилган.

Коррупцияга қарши кураш агентлигининг хабар беришича, Абжан “ОАВда тарқалган маълумотни обрўсизлантириш таҳдиди остида йирик товламачиликда” гумон қилинмоқда. Интернетда журналистнинг ҳибсга олинган пайти акс этган сурат тарқалди.

Абжан ҳибсга олинганидан сўнг, "Адил сўз" матбуотни ҳимоя қилиш ташкилоти қисқа баёнотида коррупцияга қарши кураш хизмати тергов ва суд жараёни якунланишидан олдин ҳам журналистнинг "жиноий фаолият" билан шуғулланганлигини кўрсатганини таъкидлади. Матбуот ҳимоячилари нуқтаи назаридан, айбсизлик презумпцияси шу тарзда бузилади. Абжаннинг адвокати Бауржан Азанов “Адил сўз”га берган изоҳида терговни унинг фикрича, рухсатсиз орган олиб бораётганини айтди: товламачилик моддаси бўйича ишларни коррупцияга қарши кураш хизмати эмас, балки ички ишлар органлари текшириши керак.

Ҳибсга олинишидан бироз олдин Абжан ўзининг Abzhan News телеграм-каналида президент Қасим-Жўмарт Тўқаевнинг жияни Каниш Избастиннинг мол-мулкига оид материалларни эълон қилди. Гап, хусусан, криптовалюта олиш фермалари ҳақида боради. Нашрлардан сўнг журналист маҳаллий веб-сайтлар ва телеграм каналларида пайдо бўлган унга қарши "махсус постлар"ни эълон қилди.

Махамбет Абжаннинг телеграм канали деярли 20 минг обуначига эга. Сўнгги кунларда каналда Қорақалпоғистондаги норозилик намойишлари ҳақида маълумотлар ва видеолавҳалар эълон қилинмоқда.

Қозоғистон “Чегара билмас мухбирлар” халқаро ташкилоти томонидан ҳар йили тузиладиган Матбуот эркинлиги индексида мумкин бўлган 180 мамлакат ичида 122-ўринни эгаллади. Мамлакат матбуот эркинлиги билан боғлиқ вазият оғир деб баҳоланадиган давлатлардан бири сифатида таснифланади. Расмийлар мамлакатдаги матбуот аҳволини изоҳлар экан, сўз эркинлиги билан боғлиқ вазият «оғирлашмагани»ни, журналистлар эса бемалол саволлар бериш имкониятига эга эканлигини таъкидламоқда.

XS
SM
MD
LG