Ссылки доступа

ИИВ Тошкентда “Ҳизбут-Таҳрир”га алоқадор шахслар қўлга олинганини иддао қилди


Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги мамлакатда фаолияти тақиқланган “Ҳизбут-Таҳрир” экстремистик ташкилотига алоқадор бўлган ҳамда Тошкентнинг Олмазор ва Шайхонтоҳур туманларида истиқомат қилиб келган шахслар қўлга олингани ҳақида маълумот тарқатди.

Вазирлик қўлга олинган шахслар сони ҳамда амалиёт ўтказилган санани очиқлаган эмас.

ИИВ қайдича, “ушбу жиноий гуруҳнинг фаол аъзоси бўлган И.А. 10 нафардан ортиқ синфдошини Telegram иловасида ташкил қилган “Чойхона” ва “Иймонлашайлик” номли виртуал гуруҳларга қўшиб, тақиқланган материалларни тарқатиб келган”. Хабарномада И.А. яқинлари ва кўплаб танишларини “ҳизбчилар” сафига киришга даъват қилиб, Интернет орқали экстремистик мазмундаги аудио ва видео материалларни тарқатиб келгани, гуруҳ аъзолари эса мазкур материаллар билан танишиб, “Ҳизб ут-Таҳрир” фаолиятини қўллаб-қувватлаб келишгани даъво қилинган.

Вазирлик иддаосича, гуруҳ фаолияти айни пайтда Польшада истиқомат қилувчи “Маҳмуд Абдулмўмин” тахаллусли қирғизистонлик 42 ёшли Маҳмуджон Холдаров томонидан бошқариб келинган.

ИИВ ҳозирда қўлга олинган шахсларга нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини қўшимча қилган.

XS
SM
MD
LG