Ссылки доступа

Мирзиёев Қорақалпоғистондаги зўравонликларни мустақил тергов қилиш ҳақидаги чақириқларга жавоб берди


6 июль куни президент Шавкат Мирзиёев Нукусдаги зўравонликлар юзасидан терговга жамоатчилик вакиллари ва фаоллар ҳам жалб этилишини маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, тергов ҳукумат кучларининг намойишларни бостириш чоғида қанчалик мутаносиб куч қўллаганига ҳам баҳо беради.

Аввалроқ Европа Иттифоқи, АҚШ ва БМТнинг Инсон Ҳуқуқлари Кенгаши расман 18 кишининг ҳаётига зомин бўлган воқеалар юзасидан ҳар томонлама, холис ва шаффоф текширув ўтказиш ва айбдорларни жазолашга чақирганди.

"Бўлиб ўтган воқеаларни ҳар томонлама чуқур ва холисона тергов қилиш учун Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари бошчилигида тергов ва суриштирув гуруҳи иш олиб бормоқда.

Бу жараёнга холис томонларни, яъни, жамоатчилик вакиллари, депутатлар ва фаолларни ҳам жалб қилиш зарур.

Шунинг учун, Бош прокурор Н.Йўлдошевга топшириқ – ҳар бир ҳолат чуқур ва холисона ўрганилсин ва воқеа иштирокчиларининг хатти-ҳаракатларига адолатли ҳуқуқий баҳо берилсин.

Шу ўринда, куч тузилмаларининг ҳаракатлари ҳам чуқур таҳлил қилинсин. Агар улар томонидан нотўғри куч ишлатилган бўлса, амалдаги қонунчиликка асосан уларнинг ҳам жиноий жавобгарлиги таъминлансин", дея Мирзиёевнинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда Президент матбуот хизмати.

Айни пайтда Мирзиёев ”Бу ҳаракатларга четдаги ғаразли кучлар томонидан йиллаб тайёргарлик кўрилганини ҳам иддао қилган, аммо бирон давлат номини тилга олмаган. Президентнинг сўзларига кўра, мақсад "Ўзбекистоннинг ҳудудий яхлитлигига тажовуз қилиш ва миллатлараро низо келтириб чиқаришга қаратилган".
Ўзбекистон расмийларига кўра, Нукусда 1-2 июль кунлари мамлакатнинг янги таҳрирдаги конституциясида Қорақалпоғистоннинг “суверен” мақомини бекор қилиш таклифига қарши бошланган оммавий намойишлар чоғида 18 киши қурбон бўлган, 38 нафар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари дохил 243 киши яраланган. Норозилик намойишлари ортидан 516 киши қўлга олингани маълум қилинган.

XS
SM
MD
LG