Ссылки доступа

ТИВ Қорақалпоғистонда интернет сохта хабарлар сабабли чекланганини тан олди


Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги айрим ОАВ ва инсон ҳуқуқлари бўйича ташкилотлар томонидан «номаълум манбаларга таянган ҳолда Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳрида содир бўлган воқеалар ҳақида турли хил тахминлар ва асоссиз хабарлар» муҳокама қилинаётганига изоҳ берди.

Вазирликнинг фикрича, гўёки ноқонуний куч ишлатиш орқали «тинч митингни тарқатиш», жумладан фавқулодда ҳолат эълон қилиш орқали «мустақил овозларни ёпиш ва ахборотни оқимини тўсиш» ҳақида асоссиз баёнотлар берилмоқда.

Шу муносабат билан вазирлик «Қорақалпоғистондаги воқеалар юзасидан аниқлик киритиб, бу борада батафсил ва холис ахборот тақдим этди».

«Популистик шиорларни ниқоб қилиб олган ҳолда, уяли алоқа ва Интернет орқали сохта янгиликларни тарқатиб, душман кайфиятдаги кучлар фуқароларни аксилконституциявий фаолиятга оммавий равишда жалб қилишга уриндилар. Бу Интернет алоқасини вақтинча чеклаш чораларини кўришга мажбур қилди», — дея қайд этди вазирлик.

Таъкидланишича, оммавий вайронгарчиликлар ва ваҳшийликлар чоғида Жўқорғи Кенгеси (парламент), Нукус шаҳар ИИББ ва Миллий гвардия бошқармаси биноларига ҳужум қилишга уринишлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларини гаровга олиш ва уларнинг ўқотар қуролларини тортиб олиш, давлат, жамоат ва шахсий мол-мулкка ўт қўйиш, бузиш ва йўқ қилиш, шаҳар инфратузилмасига жиддий зарар етказишга қатор бор уринишлар кузатилган.

Таъкидланишича, айни пайтда Қорақалпоғистондаги воқеалар юзасидан тергов ишлари олиб борилмоқда.

«Ўзбекистон ҳукумати томонидан Қорақалпоғистондаги вазиятни барқарорлаштириш бўйича амалга оширилаётган барча ҳаракатлар ҳуқуқий тартиб-қоидалар доирасида амалга оширилмоқда ҳамда биринчи навбатда инсон ҳаёти ва соғлиғига таҳдидларга йўл қўймасликка қаратилган, — дейилади баёнотда. — Бугунги кунда Қорақалпоғистонда мобил алоқа тўлиқ фаолият юритмоқда, озиқ-овқат дўконлари, бозорлар, нонвойхоналар, банклар, шифохоналар ва бошқа ижтимоий обектлар фаолият кўрсатмоқда. Электр, газ ва сув мунтазам равишда етказиб берилмоқда».

Ўзбекистон ТИВ барча ОАВ ва инсон ҳуқуқлари бўйича ташкилотларни Қорақалпоғистондаги воқеаларга холисона ёндашишга, турли хил ишончсиз манбалар асосида бир томонлама, шошилинч хулосалар қилмасликка ва баёнотлар чиқармаликка чақирди.

4 июль куни Миллий гвардия ва Бош прокуратура 1−2 июль кунлари Нукусда содир бўлган тартибсизликлар натижасида 18 киши ҳалок бўлгани, 243 киши, жумладан, 38 ҳуқуқ-тартибот идораси ходими жароҳатлангани ҳақида хабар берган эди. 149 нафар фуқарога биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, уйига рухсат берилган. 94 киши, жумладан, оғир яраланганлар шифохоналарда қолган.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Мишель Бачелет Қорақалпоғистондаги воқеаларни шаффоф ва мустақил тергов қилиш зарурлигини таъкидлаб, интернетга киришни чекламасликка чақирди.

XS
SM
MD
LG