Ссылки доступа

Европарламент Тоғли Бадахшондаги май воқеаларини муҳокама қилди


6 июль куни Европарламент Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон мухтор вилоятидаги вазиятни муҳокама қилди.

Ушбу муҳокамада Европа Иттифоқи қонун чиқарувчи органи аъзолари Тоғли Бадахшонда намойишчиларга нисбатан ҳаддан ташқари куч қўлланилаётгани, инсонлар қурбон бўлаётгани, инсон ҳуқуқларининг бузилиши ҳамда оммавий ахборот воситалари ва журналистларга босим ўтказилаётганидан хавотир билдирди.

Австрия, Германия ва Полшадан келган депутатлар Кристиан Сагарз, Карстен Лука, Энгин Эроғлу, Ричард Сернеский ва Сергей Лагодинский ТБМВдаги вазиятни ҳамда Тожикистоннинг Инсон ҳуқуқлари бўйича декларацияга риоя қилиш мажбуриятларини ҳисобга олган ҳолда парламентга мурожаат қилишди.

Европа комиссияси аъзоси Виржинийюс Цинкевичюснинг айтишича, Тожикистон ҳукумати намойишчиларга қарши қурол ишлатган, бунинг оқибатида ўнлаб одамлар ҳалок бўлган ва яраланган. У, шунингдек, юзлаб одамларнинг ҳибсга олингани, ОАВ ва журналистларга босим ўтказилаётганига ишора қилди.

У, шунингдек, ТБМВда май воқеалари бошланганидан сўнг, Европанинг уч мамлакати элчилари қўшма баёнот билан чиқишган, унда минтақадаги вазиятдан хавотир билдиришган. У Тожикистон ҳукумати эътиборига ушбу мамлакат ҳуқуқ-тартибот идоралари қонунийлик тамойили асосида иш олиб бориши, босим ва таъқибларга чек қўйиши кераклигини таклиф қилди.

Цинкевичюснинг айтишича, Еврокомиссия ТБМВ ва умуман Тожикистондаги вазиятни диққат билан кузатиб боради ва улар бу воқеаларни халқаро ва мустақил текширишга эришиш ниятида, шунингдек, Тожикистон ҳукумати билан сентябрь ойида режалаштирилган сиёсий маслаҳатлашувлар чоғида ҳам ўз хавотирларини билдиради.

Европарламент йиғилишида бугун, 7 июль куни ТБМВдаги вазият бўйича Цинкевичюс томонидан тайёрланган резолюцияни овозга қўйишга қарор қилинди.

Рушон вилоятидаги вазият шу йилнинг 17 май куни бир гуруҳ аҳолининг Душанбе-Хороғ йўлини тўсиб, ТБМВ маъмурий маркази томон ҳарбий техника ҳаракатига тўсқинлик қилмоқчи бўлганидан кейин оғирлашди. Натижада бир неча киши ҳалок бўлди ва жароҳат олди. Эртаси куни, 18 май куни расмийлар «аксилтеррор» операциясини эълон қилиб, намойишчиларни минтақадаги вазиятни беқарорлаштириш бўйича хориждан кўрсатма олган жиноий гуруҳлар аъзолари деб атаган. Аҳолининг айтишича, улар бир неча ойдан бери босим остида қолгани учун фақат ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун кўчага чиққан.

Расмий маълумотларга кўра, жорий йилнинг май ойида Тоғли Бадахшон мухтор вилоятида хавфсизлик кучлари томонидан ўтказилган операция натижасида 16 киши ҳалок бўлган, 220 киши ҳибсга олинган. Норасмий маълумотларга кўра, май воқеалари қурбонлари кўпроқ.

XS
SM
MD
LG