Эрон ахборот агентликлари, шунингдек, ушбу мамлакат давлат телевидениеси Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси разведка бошқармаси томонидан тайёрланган видеони тарқатди. Ушбу видеода ИИҚК аъзолари Буюк Британиянинг Теҳрондаги элчиси ўринбосари ва яна бир қанча хорижий дипломатларни «жосуслик»да ва тақиқланган ҳудудларда тупроқ намуналарини олишда айбламоқда. Ҳибсга олинганлар орасида Британиянинг Эрондаги миссияси раҳбари ўринбосари Жайлс Уитакердан ташқари Австриянинг Эрондаги маданият атташеси турмуш ўртоғи, Ислом Республикасига сайёҳ сифатида ташриф буюрган Полшадаги университет профессори Мацея Валчак ҳам бор. Бошқа тафсилотлар ҳақида хабар берилмаган.
Эрон давлат телевидениесининг бу борадаги баёнотида айтилишича, бу «дипломатлар» ИИҚК учувчисиз учоқлари томонидан Эроннинг марказий қисмидаги чўлда тупроқ намуналарини олаётганда пайқалган. Бу чўл ёпиқ ҳудуд саналади, чунки ҳудудда баллистик ракета синовлари ўтказилади.
Reuters ахборот агентлиги ҳам Эрон давлат телевидениесига таяниб, Теҳронда “Британия элчиси ўринбосари Жайлс Уитакер” ҳибсга олингани ҳақида хабар берди. Шу билан бирга, агентлик хабарида ўз фуқаросининг ҳибсга олингани фактини рад этган Британия Ташқи ишлар вазирлиги расмийсининг баёноти келтирилади: “Британиялик дипломатнинг Эронда ҳибсга олингани ҳақидаги маълумотлар бутунлай ёлғондир”.
Британиянинг АҚШдаги элчихонаси матбуот котиби, шунингдек, Жайлс Уитакер ҳатто Эронда ҳам эмаслигини твиттерда ёзди.
Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг видеолавҳасида бу одамларнинг Кирмон вилоятида аниқланган ва ҳибсга олинган вақти ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ.
Хабарда айтилишича, Буюк Британиянинг Теҳрондаги “элчиси ўринбосари” Жайлс Уитакер оиласи билан “ИИҚК ракета машғулотлари ўтказилаётган” истисно зонада тупроқ намуналарини олган. Видеода, шунингдек, “Жайлс Уитакер кечирим сўрагач, у мамлакатдан чиқариб юборилгани” айтилади.
Австрия Ташқи ишлар вазирлиги Эрон матбуоти хабарларига ҳозирча муносабат билдирмади.
Мацея Валчакнинг ўз томонида айтилишича, у Полшадаги университет профессори ва Эронга сайёҳ сифатида келган. У ва Эронга илмий алмашинув дастури доирасида келган уч ҳамкасби ҳам Эроннинг бошқа жойларидан тупроқ намуналарини олганликда айбланмоқда.
Сўнгги йилларда ИИҚК ўнлаб хорижлик ва икки фуқароликни қўлга олиб, уларни миллий хавфсизликка қарши фаолият ва жосусликда айблаб ҳибсга олди. Худди шу доирада, чоршанба куни Эрон суди Эронда ҳибсга олинган икки французга нисбатан расмий айблов эълон қилди. Улар Эрондаги ўқитувчилар норозилик ҳаракати билан алоқадорликда айбланмоқда.
Хорижий дипломатларнинг ҳибсга олингани ҳақидаги хабар Эрон ва Ғарб давлатлари ўртасида ядровий келишувни қайта бошлаш бўйича музокаралар тўхтаб қолган бир пайтда янгради. АҚШ расмийларига кўра, ўтган ҳафта Доҳада бўлиб ўтган музокаралар чоғида Эрон ядровий келишув доирасидан ташқарига чиқадиган талаблар қўйган, бу эса Теҳрон келишувга қайтишга жиддий қарамаётганидан далолатдир.