Ссылки доступа

Европарламент депутатлари Тоғли Бадахшондаги намойишларнинг бостирилишини қораламоқда


Европарламент аъзолари Тоғли Бадахшон мухтор вилоятида намойишларни бостириш чоғида Тожикистон ҳукумати томонидан намойишчилар, журналистлар ва фаолларга нисбатан қатағон қилинганини кескин қоралади. Европарламент резолюцияси 7 июль куни мутлақ кўпчилик овоз билан қабул қилинган.

16 майдан бошлаб ТБМВнинг Хорог шаҳри ва Рушон туманида вазият кескин ёмонлашди. Расмий маълумотларга кўра, Мурғобдаги “аксилтеррор операцияси” давомида 16 киши ҳалок бўлган. Маҳаллий аҳолининг айтишича, 40 га яқин намойишчи ҳалок бўлган.

Европарламент резолюциясида ТБМВдаги “инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият ёмонлашганидан” жиддий хавотир билдирилган. Депутатлар Тожикистон ҳукуматини “Тожикистон барча фуқароларининг асосий эркинликлари ва қонун устуворлигини” кафолатлашга чақирдилар.

Тожикистон расмийларининг Европарламент резолюциясига муносабати ҳозирча кузатилмаган. Аввалроқ Душанбеда намойишчилар “жиноий гуруҳларга аъзолик” ва “ҳокимиятга қуролли қаршилик кўрсатиш”да айбланган эди.

“Биз Тожикистон ҳукуматини намойишчилар, мустақил журналистлар, ҳуқуқ ҳимоячилари, ҳуқуқшунослар ва фуқаролик жамияти фаолларини таъқиб қилишни тўхтатишга чақирамиз, улар ўз ишларини эркин ва ҳаётлари учун қўрқмасдан амалга оширишлари мумкин”, дейилади ҳужжатда.

Европарламент депутатлари, шунингдек, “терроризм ва зўравон экстремизмга қарши кураш мухолифат фаолиятини бостириш учун баҳона сифатида ишлатилмаслиги”ни эслатди. Улар “ўзбошимчалик билан ҳибсга олинганларни зудлик билан озод этишни ва уларга қўйилган барча айбловларни олиб ташлашни” талаб қилишди.

Қарорда “2021 йил ноябрь ва 2022 йил май ойларида Гулбиддин Зиёбеков каби тинч аҳолининг ўлимига сабаб бўлган воқеаларни мустақил тергов қилиш” талаб қилинган.

Депутатлар, шунингдек, Тожикистон ҳукуматини ҳибсдаги фаоллар ва журналистлар - Улфатҳоним Мамадшоева, Далери Эмомали, Абдулло Гурбати, Манучеҳр Холиқназаров, Фаромуз Иргашов, Чоршанбе Чоршанбиев ва Амриддин Аловатшоев, Хурсанд Мамадшоевни зудлик билан озод қилишга чақирди.

XS
SM
MD
LG