Ссылки доступа

Тожикистонда доллар яна мустаҳкамланмоқда, рубль эса қадрсизланмоқда


Россия рубли Тожикистон валютаси – сомонийга нисбатан бир ой давом этган мустаҳкамланишдан сўнг ўз ўрнини йўқотмоқда. Айни пайтда сўнгги ойларда сомонийга нисбатан қадрсизланиб бораётган доллар яна мустаҳкамлана бошлади.

7 июль куни Тожикистон банкларида 1 000 рус рубли учун 150-167 сомоний берилган. Икки кун олдин 1 000 рублни 177 сомонийга алмаштириш мумкин эди. Сўнгги ойларда сомонийга нисбатан қадрсизланиб бораётган Америка валютаси мустаҳкамлана бошлади — 7 июль куни долларнинг расмий курси 100 доллар учун 1 045-1 050 сомонийгача кўтарилди.

Тожикистонда 2016 йилдан бошлаб рублдаги ўтказмалар, Марказий банк кўрсатмаларига кўра, қабул қилиш вақтидаги курс бўйича конвертация қилингандан сўнг фақат сомонийда берилади. Россияда ишлаш Тожикистоннинг юз минглаб фуқаролари учун асосий даромад манбаларидан бири бўлиб, тожикистонлик муҳожирларнинг бу мамлакатдан юборган юзлаб миллион долларлик пул жўнатмалари уларнинг оилалари учун тирикчилик манбаи ҳисобланади.

"Деярли ҳар бир оилада икки-уч киши Россияда ишлайди. Одамлар муҳожирларнинг пул ўтказмалари ҳисобига кун кечиради. Банкларда рубль курсининг пастлиги бундай оилалар учун фойдасиз, чунки бозорларда озиқ-овқат маҳсулотлари доимий равишда ошиб бормоқда", - дейди Эмомали Табаров, Файзобод туманида яшовчи фуқаро.

Россиянинг Украина ҳудудига бостириб кириши бошланиши биланоқ Тожикистонда рубль курси кескин тушиб кетди ва 1 минг рубль учун 91 сомонийни ташкил қилди. Бироқ орадан бир неча ҳафта ўтиб, Россия валютаси нафақат қайтди, балки Тожикистон миллий валютасига нисбатан ўз мавқеини мустаҳкамлади.

Таҳлилчиларнинг фикрича, Тожикистон иқтисодиёти ташқи бозорга жуда боғлиқ ва дунёдаги ҳар қандай инқироз мамлакат иқтисодиётининг турли тармоқлари, жумладан, банк тизимидаги иқтисодий заифлигини кўрсатади. Уларнинг фикрича, Тожикистон валюта бозоридаги жорий курснинг ўзгарувчанлиги ташқи омиллар билан ҳам боғлиқ.

Тахминан бир ой аввал Тожикистонда доллар арзонлаша бошлаган ва Россия рубли миллий валюта – сомонийга нисбатан қимматлашганида, кўплаб таҳлилчилар буни “вақтинчалик ҳодиса” деб аташган эди. Иқтисодчиларнинг фикрича, рубль курсининг ошиши Россия Федерациясида "сунъий чоралар" қабул қилиниши билан изоҳланади ва бу узоқ давом эта олмайди.

7 июль куни Душанбедаги банк мулозимлари изоҳ беришдан бош тортдилар, бироқ хусусий равишда валюта бозоридаги валюта курсининг ўзгарувчанлиги биринчи навбатда Россия қўшинларининг Украинага бостириб кириши билан боғлиқ эканини айтди.

XS
SM
MD
LG