Ссылки доступа

Бош прокуратура Лолагул Қаллиханова гумонланувчи сифатида жалб этилганини хабар қилди


Бош прокуратура Қорақалпоғистондаги воқеалар юзасидан қўзғатилган жиноий иш бўйича 14 киши ҳибсга олинганини маълум қилди. Адвокат ва журналист Даулетмурат Тажимуратовга айблов эълон қилинди, журналист Лолагул Қаллиханова гумонланувчи сифатида жалб қилинди.

Бош прокуратура Қорақалпоғистонда содир этилган оммавий намойишлар юзасидан Жиноят кодексининг 159-моддаси 4-қисми (Ҳокимиятни босиб олиш ёки конституциявий тузумни ағдариб ташлаш мақсадида фитна уюштириш) билан қўзғатилган жиноят иши бўйича дастлабки тергов доирасида 14 нафар шахснинг ҳибсга олинганини маълум қилди.

Аввалроқ жиноят иши қўзғатилганлиги тўғрисидаги баённомада бошқа моддалар мавжудлиги ҳам кўрсатилган, қайсилари экани очиқланмаган.

Даулетмурат Тажимуратов ва Азамат Турдановга нисбатан «Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан» жиноий иш қўзғатилган. Уларга нисбатан суд қарори билан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Лолагул Қаллиханованинг ҳаракатларида жамоат хавфсизлигига тажовуз қилиш жинояти аломатлари аниқланган, дейилади Бош прокуратура хабарида. «У жиноят иши бўйича гумонланувчи сифатида жалб қилиниб, процессуал тартибда ушланди», — деди назорат органи.

«Терговга жалб этилган фуқароларнинг шаъни ва қадр — қиммати ҳурмат қилиниши, қийноқ, зўравонлик, шафқатсиз ёки инсон шаъни ва қадр — қимматини камситувчи ҳаракатларга йўл қўйилмаслиги қатъий назоратга олинган», — дейилади Бош прокуратура хабарида.

Қайд этилишича, «гумон қилинувчи ва айбланувчиларга ҳимоя ҳуқуқи тўла таъминланган ҳолда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда, сақлаш жойларида қонунда назарда тутилган барча шароитлар таъминланган».

XS
SM
MD
LG