Ссылки доступа

Ўзбек расмийлари қорақалпоғистонлик абитуриентлар учун ОТМга қабул муддати узайтиришга қарор қилишди


Қорақалпоғистонлик абитуриентлар учун Ўзбекистон олий таълим муассасаларига ҳужжат қабул қилиш муддати узайтирилади.

Бу ҳақда маълумот тарқатган Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизматига кўра, мазкур қарор олинишига “Қорақалпоғистон ҳудудида интернет тизимида айрим техник носозликлар туфайли ҳужжатларни онлайн топширишда узилишлар кузатилаётгани” сабаб бўлган.

Ўзбекистон бўйлаб ОТМнинг чет тилидан касбий (ижодий) имтиҳон ўтказиладиган таълим йўналишлари ҳамда академик лицейларга ҳужжат қабул қилиш 10 июль куни тўхтаган.

Вазирлик қайдича, 2022/2023 ўқув йили учун олий таълим муассасалари ҳамда касб-ҳунар мактабларига онлайн ҳужжат топшириш жараёни 20 июль кунига қадар давом этади, аммо қорақалпоғистонликлар учун мазкур муддат чўздирилиши мумкин.

“Бу жараён ҳукумат томонидан тўлиқ назоратга олинган бўлиб, ҳозирда ҳужжат топширишга улгура олмаган қорақалпоғистонлик ёшлар учун онлайн рўйхатдан ўтиш муддати узайтирилиши кутилмоқда”, дейилган хабарномада.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бу масала тез орада ижобий ечим топиши ва бунга оид маълумот қорақалпоғистонлик абитуриентлар ҳамда уларнинг ота-оналарига маҳаллий мобил алоқа операторлари орқали СМС-хабар тарзида, шунингдек, ҳудудий телеканаллар орқали етказилишини ваъда қилган.

Аввалроқ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги мамлакат расмийлари июль ойи бошида Қорақалпоғистон ҳудудида “Интернет алоқасини вақтинча чеклаш чораларини кўришга мажбур” бўлганларини эътироф этган эди.

XS
SM
MD
LG