Ссылки доступа

AҚШ Конгрессига Қорақалпоғистондаги воқеалар юзасидан ҳисобот тақдим этилади


Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳрида намойиш. 1 июль, 2022 йил.

Жорий йил 1-2 июль кунлари Қорақалпоғистонда рўй берган намойишлар юзасидан АҚШ Конгрессига ҳисобот киритилади. Бу ҳақда Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигининг “Дунё” ахборот агентлиги маълум қилди.

Хабарда айтилишича, Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Жавлон Ваҳобов "Қорақалпоғистондаги вазият тўғрисида холис маълумот бериш учун" Конгресс аъзолари билан видеоконференция орқали музокара ўтказган.

Ўзбекистон элчихонаси хабарига кўра, учрашув якунлари бўйича Конгрессга “Congressional Record”ни тақдим этишга шайлик изҳор этилган. “Congressional Record” қонунчилик идорасининг расмий ҳужжати сифатида барча сенатор ва конгрессменлар идораларига тарқатилади.

“Конгрессменлар мазкур ҳужжатга Қорақалпоғистонга оид маълумотларнинг киритилиши маълум даражада Конгресс аъзоларининг бу борадаги ҳамжиҳатлигини кўрсатишини таъкидлаган”, деб хабар беради “Дунё” ахборот агентлиги.

5 июль куни АҚШ Давлат департаменти Қорақалпоғистондаги воқеаларга муносабат билдириб, Ўзбекистон ҳукуматини кенг қамровли, очиқ ва ишончли тергов-текширув ўтказишга чақирганди. Баёнотда Қўшма Штатлар Ўзбекистоннинг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлаши таъкидланган.

Ўзбекистон ҳукумати 1-2 июль кунлари Нукусда зўравонликларга айланиб кетган оммавий намойишларда 18 киши, жумладан, 4 нафар куч тизимлари ходимлари ҳалок бўлганини айтган. 240 дан ортиқ одам яраланган. Ўзбекистон ҳукумати хавфсизлик кучлари намойишчиларга қарата ўт очганини рад этган.

Президент Мирзиёев воқеалар юзасидан ҳар томонлама текширув ўтказилиши, жумладан, куч тузилмаларининг қанчалик мутаносиб куч қўллагани ҳам текширилишини айтган.

XS
SM
MD
LG