Ссылки доступа

Тожикистонда муддатли ҳарбий хизматга чақириқ «рейдлар»и ҳақидаги хабарлар учун жазо жорий этилади


Тожикистон Мудофаа вазирлиги армияга оид «фейк», жумладан, ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларида «рейдлар»ни тарқатганлик учун жазо жорий этишни таклиф қилди.

Айбдорлар жаримага тортилиши ва маъмурий қамоққа олиниши мумкин, деди ҳарбий департамент. Маълум қилинишича, 12 июль куни Тожикистон Мудофаа вазирлиги мамлакат парламенти қуйи палатасига “Тожикистон Республикасининг маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш” қонуни лойиҳасини тақдим этган. Жарима миқдори ва ҳибсга олиш муддати ҳақида маълумот ҳозирча мавжуд эмас.

Тожикистон расмийлари “аҳоли ўртасида ҳар қандай ёлғон маълумотни тарқатиш аҳолининг армияга бўлган ишончи ва қўллаб-қувватлаш фоизини пасайтиради”, шунингдек, “мамлакат обрўси ва мудофаа қобилиятига салбий таъсир қилади”, деб таъкидламоқда.

Бироқ маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячиларининг айтишича, Мудофаа вазирлиги раҳбарияти шу йўл билан оммавий ахборот воситаларида муҳим воқеа – ҳарбий хизматга чақирув ҳақидаги хабарларни чекламоқчи бўлиб, бу кўпинча ҳарбий ёшдаги ёшларга нисбатан «рейдлар» билан кечади.

Журналистлар, ўз навбатида, ҳарбий идора ташаббусини ОАВга босим сифатида баҳоламоқда. Тожикистонлик ҳуқуқшунос Музаффар Бободжонов ҳам шундай фикрда. Унинг сўзларига кўра, ҳарбий бошқарма Тожикистон армиясидаги камчилик ва муаммолар ҳақида материаллар чоп этилишининг олдини олмоқчи. Қолаверса, маъмурий кодексга киритилган ўзгартиришлар парламентда маъқуллангач, ҳарбий комиссарлик ходимлари чақирув режасини бажариш учун ёшларни эркин йиғишлари мумкин, дейди манбамиз.

Тожикистонда ҳарбий хизматга чақирув йилига икки марта, баҳор ва кузда амалга оширилади ва ҳар бир кампания давомида 18 ёшдан 27 ёшгача бўлган ёшлар ҳарбий хизматга чақирилади. Қонунга кўра, Тожикистон Қуролли кучларида хизмат қилиш мажбурий ҳисобланади.

XS
SM
MD
LG