Ссылки доступа

Қирғизистонда янги ўқув йилига қадар 1000 га яқин мактаб директорлари ўзгаради


Қирғизистон Республикаси таълим ва фан вазири ўринбосари Нодира Жусупбекова 13 июль куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилганидек, президентнинг 12 июлдаги қарорига кўра, Қирғизистон Республикасида мактаб директорлари 5 йил муддатга тайинланади.

Ушбу муддат тугагандан сўнг, улар алмаштирилади.

“Шу билан бирга, уларнинг барчаси ўзлари эгаллаб турган директор лавозимига яна ариза топширишлари мумкин. Икки мактабда директорлик ўринлари бўш турган Талас шаҳрида яқин кунларда синов танловини ўтказишга қарор қилдик. Август ойида бошқа [давлат] мактабларининг директорлари ҳам ўзгаради. Тест синовлари вилоят марказларида бўлиб ўтади”, деб тушунтирди ва бу имтиҳонлар жадвали тайёр эканлигини қўшимча қилди.

Эслатиб ўтамиз, бир кун аввал давлат раҳбари “Қирғизистон Республикаси давлат ва муниципал таълим ташкилотлари раҳбарлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича баъзи чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолагани маълум бўлган эди.

Шу билан бирга, танлов “Қирғизистон Республикаси Таълим ва фан вазирлигининг Таълим сифати ва ахборот технологияларини баҳолаш миллий маркази” муассасаси томонидан ўтказилиши белгиланди, мактаб директорлари эса “Қирғизистон Республикаси Таълим ва фан вазирлигининг Таълим сифатини баҳолаш миллий маркази” томонидан тайинланади. Мазкур фармон кучга кирган пайтда 5 йилдан ортиқ лавозимда ишлаган директорлар эгаллаб турган лавозимидан озод этилган деб ҳисобланадилар, бироқ янги раҳбар тайинлангунга қадар ўз ваколатларини вақтинча бажаришлари мумкин. Шунингдек, улар бошқа номзодлар билан тенг шароитда бўлажак тест синовларига ўзларини номзод қилиб кўрсатишлари мумкин.

Бугунги кунда Қирғизистонда 2 162 та мактаб мавжуд. Уларда 82 минг нафар ўқитувчи ишлайди, уларнинг ярми пенсиягача ва пенсия ёшида (50 ёш ва ундан юқори).

Апрель ойида Вазирлар Маҳкамаси давлат сектори ходимларининг иш ҳақининг оширилишини эълон қилди. Ўқитувчиларнинг маоши деярли икки баравар ошди.

XS
SM
MD
LG