Ссылки доступа

Полиция махсус бўлинмалари январь воқеаларида ҳалок бўлганларнинг яқинларига Оқорда йўлни тўсиб қўйди


Қозоғистоннинг турли шаҳарларидан январь воқеалари чоғида ҳалок бўлганларнинг яқинлари Оқорда яқинида норозилик кечаси ўтказди. Намойишчилар орасида қўлида тўрт ойлик боласи бор она ҳам бор.

Улар адолатли тергов ўтказилишини ва ўлганларнинг оқланишини талаб қилмоқдалар - уларнинг аксарияти ўлимдан кейин тартибсизликларда қатнашганликда айбланган.

“Президент биз билан гаплашишини хоҳлаймиз. Чунки прокуратурада ҳам, бошқа муассасаларда ҳам бўлдик. Аммо ҳеч қандай натижа йўқ. Энди дардимизни фақат президентга айтмоқчимиз”, - дейди намойишчилардан бири Арайлим Сағатбекова.

Сағатбекованинг сўзларига кўра, улар Оқордада икки тун бўлиб, баъзилари касал бўлиб қолишган.

- Орамизда Ойгерим деган ёш она бор. Унинг қўлида тўрт ойлик боласи бор, у эрталабдан кечгача биз билан. Айгеримнинг эри январь ойида отиб ўлдирилган, у ўшанда ҳомиладор эди. У эри учун адолат талаб қиляпти. Оилага на компенсация, на ёрдам кўрсатилган. Олти ойдан бери тергов натижаларини кутдик, аммо натижа бўлмади. Талабимиз қондирилмагунча шу ерда ётамиз - ёзми, қишми, қор ёки ёмғирми. Муаммоларимизни ҳал қилмагунча қайтмаймиз”, - деди Арайлим Сағатбекова.

Таразлик Бахитжан Шингисбековнинг айтишича, намойишчилар гуруҳига Олмаота, Семей, Уст-Каменогорск, Қизилўрда ва Тараз шаҳарлари аҳолиси киради. Чоршанба куни яна бир қанча шаҳарлардан қурбонларнинг қариндошлари уларга қўшилиш ниятида.

Намойишчиларга кўра, остоналиклар уларни қўллаб-қувватлаб, иссиқ овқат, сув ва кўрпача олиб келишмоқда. Полиция намойишчиларни кузатмоқда. Улар одамларни намойишни тўхтатишга кўндиришга ҳаракат қилишди. Прокуратура вакиллари уларга 15 кун ичида жавоб беришларини айтишган.

Январь воқеалари Қозоғистонда 2022 йил январида аҳоли турмуш даражасининг пасайиши ва амалдаги ҳукуматга қарши бўлиб ўтган ва қон тўкиш билан якунланган оммавий намойишлардир. Расмийлар намойишчиларга қарата ўт очди - 232 киши ҳалок бўлди, яна олти киши қийноқлардан ўлган, деб ҳисобланмоқда.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари бир неча бор расмий Нур-Султонни адолатли ва шаффоф тергов ўтказишга чақирган ва халқаро экспертларни қабул қилишни таклиф қилган.

XS
SM
MD
LG