Ссылки доступа

Washington Post: Россия 400 дан ортиқ самолётни қайтаришдан бош тортди


Россия компаниялари хорижий компаниялардан ижарага олинган 400 дан ортиқ йўловчи самолётларини қайтаришдан бош тортмоқда, самолётларнинг қонуний эгалари эса уларни қайтариб олишларига шубҳа қилмоқда, деб ёзади Washington Post.

Газетанинг маълумотларига таяниб, Россиянинг Украинага бостириб киргани учун санкциялар эълон қилинган пайтда ижарага олинган 515 та самолётдан лизинг берувчилар атиги 80 га яқин самолётни қайтаришга муваффақ бўлган.

Газета суҳбатдошларининг сўзларига кўра, эгалари ҳозир Россияда лайнерларнинг катта қисмини қайтариб бера олмайдилар деган хулосага келишган. Суғурта компанияларига қўйилган даъволар миқдори аллақачон 10 миллиард долларга етган. Муаммолар нафақат самолётларни қайтариш, балки Россия компанияларига ижарага берилган самолёт двигателларини қайтариш билан ҳам боғлиқ.

Газета Шри-Ланкада Ирландиянинг AerCap лизинг компанияси талаби билан ҳибсга олинган Аэрофлот самолётини мажбуран қайтаришга уриниш ҳақида ҳикоя қилади, бу Москва мамлакат ҳукуматига нефть етказиб беришни тўхтатиш ва жиддий дипломатик асоратлар билан таҳдид қилганидан сўнг муваффақиятсиз якунланди. Коломбо аэропортида бир неча кундан бери ишламай турган Аирбус 330-300 самолёти Москвага учиш учун рухсат олди ва ҳозир Қирғизистонга учмоқда.

Россия авиация секторига қарши санкциялар мисли кўрилмаган даражада. Уларга Европа, Шимолий Америка ва Осиёнинг 37 давлати қўшилди. Россия компанияларига самолётларни ижарага бериш ва сотишни тақиқлашдан ташқари, рус компаниялари томонидан бошқариладиган самолётларнинг эҳтиёт қисмлари, дастурий таъминоти ва техник хизмат кўрсатиш экспорти деярли бутунлай тақиқланган.

Потенциал тарзда, бундай санкциялар Россия ҳаво қатнови тизимига путур этказиши мумкин, чунки Россия тижорат самолётлари паркининг ярмидан кўпи хорижий компаниялардан ижарага олинган ва Россияда ишлаб чиқарилган баъзи моделларда Ғарб двигателлари ва бошқа жиҳозлардан фойдаланилади. Март ойида Россия президенти Владимир Путин Россия компанияларига ички рейслар учун ижарага олинган самолётлардан фойдаланишга рухсат берувчи фармон чиқарди.

XS
SM
MD
LG