Ссылки доступа

Тожикистоннинг икки фуқароси ҳаж вақтида вафот этди


Саудия Арабистонидаги ҳаж вақтида тожикистонлик икки нафар зиёратчи – исфаралик 62 ёшли Муҳаммад Расулов ва Қубодон вилоятидан 64 ёшли Қизларгул Тожиева вафот этди.

Тожикистон ҳукумати ҳузуридаги Дин, анъаналар, байрам ва маросимлар қўмитасининг сайти «Ҳаж-2022» бош шифокори Тўрахон Шарифзодага таяниб, тожикистонликлар юрак хуружидан вафот этгани ҳақида хабар берди. Дафн маросими Макка шаҳрида, Ал-Ҳарам масжидида бўлиб ўтди.

Бош врачнинг сўзларига кўра, бошқа зиёратчилар соғ-саломат, бироқ уларнинг баъзилари томоқ оғриғи, шамоллаш, иситма, мушак касалликлари ва кўп миқдорда совуқ сув ичганидан кейин қон босими кўтарилишидан шикоят қилган.

Саудия Арабистони жорий йилда Тожикистонга 3 562 нафар ҳожи учун квота ажратди. Коронавирус пандемиясидан олдин 6 000 нафаргача тожикистонлик Ислом зиёратгоҳларига зиёрат қилган. Охирги икки йил давомида пандемия сабабли хорижликларнинг Макка ва Мадинага зиёрат қилишлари тақиқланган эди.

Сўнгги йилларда Тожикистон расмийлари тадбиркорлар ва оддий аҳолини Ислом зиёратгоҳларига зиёрат қилиш учун йиғилган маблағни мактаблар, кўприклар, йўллар ва бошқа ижтимоий объектлар қуришга сарфлашга чақириб келади. Мухолифлар давлат маблағларини исрофгарчиликка сарфлаётганини танқид қилиб, хайр-эҳсончиларни ўз маҳаллаларидаги муаммоларни ўзлари ҳал қилишга чақирмоқда.

Ҳар йили ҳаж мавсумида бутун дунёдан 2,5 миллионга яқин мусулмон Саудия Арабистонига Исломнинг фарз арконларидан бирини адо этиш учун боради. 2022 йилда бутун дунёдан 1 миллионгача мусулмон ҳаж зиёратига бориши мумкин бўлади. Ҳаж ислом динининг арконларидан бири бўлиб, мўминлар умрида камида бир марта адо этишлари лозим.

XS
SM
MD
LG