Ссылки доступа

Қозоғистон МХДҚ собиқ раҳбарининг укаси Россия билан чегарада қўлга олинди


Павлодар вилояти ички ишлар бошқармаси собиқ бошлиғи, Қозоғистон Миллий Хавфсизлик хизмати собиқ раиси Карим Масимовнинг қариндоши Нурлан Масимов Россия билан чегарада қўлга олинди, деб хабар берди 13 июль куни коррупцияга қарши кураш хизмати.

“Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида жорий йилнинг 13 июль куни Нурлан Мирзаханович Массимов коррупцияга қарши кураш хизмати томонидан чегара хизмати билан ҳамкорликда Шарқий ҳудудда сохта ҳужжатлар ёрдамида Россия Федерацияси билан давлат чегарасини кесиб ўтишга уринган вақтда қўлга олинди”, — дейилади хизмат хабарида.

Январь ойида ички ишлар бошқармаси бошлиғи лавозимини тарк этган Массимов апрель ойидан бери қидирувда бўлган. Коррупцияга қарши кураш хизмати унинг “катта пора олиш”да гумонланаётганини маълум қилди ва унинг қаерда эканлиги ҳақидаги маълумот учун 12 миллион тенгедан ортиқ мукофот эълон қилди.

13 июль куни кечқурун Миллий хавфсизлик қўмитаси Массимов назорат-ўтказиш пунктидан ташқарида чегарани кесиб ўтмоқчи бўлганини маълум қилди.

“Россия Федерацияси махсус хизматлари кўмагида Қозоғистон-Россия чегарасининг шарқий қисмида, назорат-ўтказиш пунктларидан ташқарида ноқонуний равишда кесиб ўтмоқчи бўлган бир гуруҳ Қозоғистон Республикаси ва Россия Федерацияси фуқаролари ҳибсга олинган. Улар орасида қидирувга берилган Павлодар вилояти ИИБнинг собиқ бошлиғи Нурлан Масимовнинг шахси аниқланди, у дастлаб ўзини сохта маълумотлар билан таништирган”, — дея хабар берди МХҚ матбуот хизмати.

13 июль куни Россия томони Нурлан Масимовни МХҚ чегара хизмати ходимларига топширди, улар уни қидирув ташаббускори, яъни коррупцияга қарши кураш хизматига юборди, дея қўшимча қилди қўмита.

Қонли январь воқеаларида МХҚ раҳбари лавозимидан четлаштирилиб, давлатга хиёнат, давлат тўнтаришига уриниш ва коррупцияда гумон қилиниб, ҳибсга олинган Карим Масимовнинг амакиваччаси Нурлан Масимов 2019 йилнинг ноябридан 2019 йилнинг январигача Павлодар вилояти бошқармасини бошқарган эди.

Карим Масимов узоқ йиллар собиқ президент Нурсултон Назарбоевнинг “ишончли одами” бўлган. Маълум қилинишича, жиноят иши “Ўта махфий” моддаси бўйича қўзғатилган.

XS
SM
MD
LG