Ссылки доступа

ОАВ: Москвада “Собянин полки”га аскар ёлланмоқда


Москвада ҳарбий бўлинма тузилиб, унга Украинадаги урушга жўнатиш учун аскар ёлланмоқда. “Медуза” нашри суриштирувига кўра, ёлловчилар ва ёлланувчилар бўлинмани пойтахт мэрига нисбат бериб “Собянин полки” деб аташади. “Полк” қисман Москва бюджетидан молияланиши айтилмоқда.

“Собянин полки”га аскарликка олиш 1 июлда бошланган. “Медуза” маълумотига мувофиқ, унга асосан москваликлар эмас, балки бошқа ҳудудлардан келган ва ёши 60 дан катта бўлмаган эркаклар ёлланмоқда. Уларга ойига 200 минг рублдан кўпроқ маош ваъда қилинган.

“Медуза” нашри “Собянин полки”га аскар ёллашга бош бўлганлардан бири Роман Владимирович Висоцкий (лақаби Болгарин) эканини аниқлаган. Бу исм-фамилия “ДХР” халқ милицияси собиқ командирларидан бирининг исм-фамилияси билан бир хил. У ўзини “Собянин полки”нинг “батальон командири” деб таништиради.

Россия ҳудудларида “кўнгиллилар батальонлари”ни (аслида шартнома бўйича ҳарбий хизматчилар бўлинмалари) тузиш 2022 йил баҳоридаёқ бошланган; ўшандан бери Чеченистон, Татаристон, Бошқирдистон, Пермь ўлкаси, Киров ва Нижегородск вилоятларида ана шундай махсус отрядлар ташкил қилинган.

Россия Украинага қуролли босқин бошлаганидан бери кўплаб ҳарбий экспертлар Владимир Путин армия олдига қўйган вазифани қўшимча сафарбарликсиз бажариб бўлмаслигини урғулаб келмоқдалар. Хусусий ҳарбий ширкатларга аскарликка ёллаш “яширин сафарбарлик” турларидан биридир.

“Медуза” журналистлари Украинадаги уруш давомида ёлланма аскарлар, мунтазам армия ҳамда “кўнгиллилар” ўртасидаги тафовут йўқолгани, уларнинг барчаси Мудофаа вазирлиги билан ишлаётганини қайд этганлар.

XS
SM
MD
LG