Ссылки доступа

Россия: “Хорижий агент” деб топилиш учун энди “чет мамлакат таъсирида бўлиш” етарли бўлади


Россия президенти Владимир Путин 14 июль куни Россияда “хорижий агентлар” мақомини тартибга солувчи янги қонунни имзолади.

Эндиликда ушбу мақомни олиш учун чет элликлардан маблағ олиш шарт эмас – “хорижий мамлакат таъсирида бўлиш”нинг ўзи кифоя қилади. Янги қоидалар жорий йил 1 декабридан кучга киради.

“Хорижий агент” ёрлиғи ёпиштирилган одамлар ва ташкилотларга давлат мактаблари ва ОТМларида дарс бериш, вояга етмаганлар ўртасида таълим фаолияти билан шуғулланиш ҳамда ижодий фаолият учун давлатдан маблағ олиш тақиқланади. Шунингдек, улар давлат сирларидан узоқ тутилади. Янги қоидалар “хорижий агент”ларга жамоатчилик кузатув комиссиялари ва сайлов комиссияларига аъзо бўлишни, оммавий тадбирлар уюштиришни ман этади.

“Хорижий агент”ларнинг мавжуд тўртта реестри ягона реестрга бирлаштирилади. Айни пайтда қонунда янги реестр – “хорижий агент”лар билан аффилланган шахслар рўйхатини тузиш назарда тутилган. Бундай шахслар сирасига “хорижий агент” мақомини олган ташкилот муассислари, аъзолари, иштирокчилари, раҳбарлари ёки ходимлари, шунингдек “агент”дан пул олганлар киритилади.

Россияда “хорижий агент”лар тўғрисидаги қонун 2012 йилда қабул қилинган. Ҳужжат ҳукуматга хориждан маблағ олган ва, расмийлар назарида, сиёсий фаолият олиб бораётган ҳар қандай нотижорат ташкилотни “агент” деб топишга имкон яратади. Мазкур фаолият мезонлари қонунда аниқ кўрсатилмагани сабабли ҳукумат исталган одам ёки ташкилотни бу рўйхатга тиркаши мумкин.

Июнь ойи ўрталарида Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди “хорижий агент”лар тўғрисидаги қонунни инсон ҳуқуқларига зид деб топган ва тўққиз йил аввал бу қонун устидан Европа судига шикоят қилган 73 НТТнинг ҳар бирига товон пули белгилаган. Россия ҳукумати эса товон пулини тўлашдан бош тортмоқда.

XS
SM
MD
LG