Ссылки доступа

Қирғизистонда хавфсизлик кучлари жиноят бошлиғи Доо Чингизни қўлга олди


15 июль куни Қирғизистон Республикаси Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Бишкекда уюшган жиноий гуруҳ аъзоси, Доо Чингиз лақаби билан танилган Чингиз Жумагуловнинг ҳибсга олинганини маълум қилди.

Қайд этилишича, “қўлга олиш жиноий гуруҳ ташкил этиш, шунингдек, тадбиркорлардан тизимли равишда ўта йирик миқдорда пул ундириш факти бўйича мавжуд материаллар доирасида амалга оширилган”.

Жумагулов Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг тергов изоляторига жойлаштирилди. Махсус хизмат криминал бошлиқларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларидан жабр кўрган фуқаролардан Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига мурожаат қилишни сўрайди.

8 июль оқшомида Бишкек чеккасида отишма бўлиб ўтди. Унда Доо Чингиз ҳам иштирок этгани хабар қилинганди. АКИпресс нашрининг хабар беришича, Жумагулов қочишга муваффақ бўлган. Kaktus.media хабарига кўра, «Альфа» махсус бўлинмаси криминал бошлиқни ўзи туғилган Чуй вилояти Ичке-Суу қишлоғида қўлга олишга уринган.

Бироқ эртаси куни Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Жумагулов ва унинг уюшган жиноий гуруҳи аъзолари билан отишма бўлгани, шунингдек, унинг ҳибсга олиниши ҳақидаги маълумотни рад этди.

Кейинроқ ижтимоий тармоқларда икки шахсга, жумладан, Жумагуловга нисбатан Ички ишлар вазирлигининг йўналиши сурати тарқалди. Шу билан бирга, ҳужжатда 8 июль куни МХДҚ ходимлари уларни қўлга олишга уринганида гумонланувчилар қаршилик кўрсатиб, қочиб кетгани кўрсатилган. Аммо ИИВ бунга жавобан ҳеч қандай йўналиш бермаганини ва “Интернетда тарқалган ҳужжат парчаси юридик кучга эга эмаслигини” таъкидлади.

Чингиз Жумагулов 2016 йилда одам ўлдиришга шерик бўлиш, ҳукумат вакилига куч қўллаш, жиноий уюшма ташкил этиш ва бошқа жиноятларда айбланиб ҳибсга олинган эди. 2018 йил бошида суд қарори билан муддатидан аввал озодликка чиқарилган.

2019 йилнинг апрель ойида Чингиз Жумагулов яна икки киши билан бирга икки эркакни шафқатсизларча калтаклаганликда гумонланиб ҳибсга олинган эди. Кейинчалик улар олган жароҳатлари туфайли вафот этган. Маълум қилинишича, қурбонлар ҳам, қўлга олинганлар ҳам уюшган жиноий гуруҳ аъзоларидир.

2020 йил июнь ойида Бишкекнинг Первомайский туман суди бу иш бўйича қарор чиқарган. Суд Чингиз Жумагуловни «Безорилик» моддаси бўйича айбдор деб топиб, 5 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида қарор чиқарди. Унга қўйилган яна иккита айблов бўйича оқланган. 2021 йил 12 июлда жазо муддати тугаганлиги сабабли колониядан озод қилинган.

XS
SM
MD
LG