Ссылки доступа

Афғонистонда Тожикистон ҳудудини ўққа тутган гуруҳ қўлга олинди


Толибон ҳукумати Афғонистон ҳудудидан Тожикистон ва Ўзбекистонни ўққа тутганликда айбланаётган жиноий гуруҳ ҳибсга олинганини эълон қилди.

16 июль куни «Толибон» ҳаракати матбуот котиби Забиулла Мужоҳид твиттердаги саҳифасида 15 июлга ўтар кечаси «Толибон» махсус кучлари Қундуз вилоятининг Имом Соҳиб туманидаги Канжага қишлоғидаги Хорижийлар (ИШИД жангарилари) марказини вайрон қилгани ҳақида хабар берди.

“Махсус операция натижасида жиноий гуруҳнинг 3 нафар аъзоси йўқ қилинди, 5 нафари қўлга олинди. Уларнинг машиналари ва ўқотар қуроллари мусодара қилинган. Яқинда улар Ўзбекистон ва Тожикистон томон ракета отишди”, — деб ёзди у Твиттерда.

Ҳозирча бу хабарларни мустақил манбалардан тасдиқлашнинг имкони йўқ.

Сўнгги тўрт ой ичида Афғонистондан Тожикистон ва Ўзбекистонга уч марта снарядлар отилган.

Жорий йилнинг 7 май куни афғон матбуоти жангарилар Афғонистон ҳудудидан Тожикистонга еттита снаряд отгани ҳақида хабар берган эди. Тожикистон расмийлари “ўқлар тасодифан Тожикистон ҳудудига Афғонистоннинг Хўжагор вилоятидан келганини” таъкидлади. Шу билан бирга, Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг расмий баёнотида айтилишича, чегара қўшинлари “тўлиқ жанговар шай ҳолатга келтирилди”.

Жорий йилнинг июнь ойида Ўзбекистон расмийлари Афғонистон билан чегарадош ҳудудга бешта снаряд тушганини ва Термиз шаҳридаги Мажнунтол маҳалласидаги тўртта шахсий уйга зарар етказганини тасдиқлаган эди.

Жорий йилнинг апрель ойида айрим ОАВлар ИШИДнинг «Хуросон» бўлими Афғонистондан Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилоятидаги ҳарбий объектларга ўнта ракета учиргани ҳақида хабар берган эди. Ўшанда Ўзбекистон Президенти матбуот котиби бу фактларни рад этди.

XS
SM
MD
LG