Ссылки доступа

ТБМВ воқеалари: Тожикистон чегара қўшинлари зобити Холбаш Холбашовнинг иши Олий судга юборилди (видео)


Холбаш Холбашов
Холбаш Холбашов

Чегара хизмати генерали Холбаш Холбашов иши бўйича тергов ниҳоясига етди, иш кейинги кўриб чиқиш учун Олий судга юборилди.

Тожикистон Бош прокуратураси вакиллари 15 июль куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Холбашов иши бўйича Рушон туманининг 77 нафар фуқароси ҳам жавобгарликка тортилганини маълум қилди.

Бош прокуратура ходими Мансур Ғанизоданинг айтишича, Холбаш Холбашов жиноий уюшма ташкил этиш, қотиллик, одам ўлдиришга суиқасд, террорчилик ва бошқа жиноятларда айбланган.

Тожикистон чегара қўшинларининг юқори мартабали зобити Холбаш Холбашов ТБМВдаги май воқеаларидан сўнг ҳибсга олинган эди. Расмийлар уни Рушон вилоятидаги “уюшган жиноий гуруҳ етакчиларидан бири” деб атаган. Холбашов ва унинг адвокатининг фикрлари мавжуд эмас. Қариндошларининг айтишича, у ҳибсга олингунга қадар чегара қўшинларида хизмат қилган. У фуқаролик фаоли Улфатҳоним Мамадшоеванинг собиқ турмуш ўртоғи бўлиб, у ҳам Хоруғ ва Рушондаги тартибсизликларга алоқадорликда айбланиб ҳибсга олинган.

Бош прокуратура Мамадшоева иши бўйича тергов давом этаётганини маълум қилди.

Улфатҳоним Мамадшоева 18 май куни Душанбеда Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ва Бош прокуратураси ходимлари томонидан Хоруғдаги намойишларни уюштирганликда айбланиб ҳибсга олинган эди. 19 май куни “Озоди” радиосига яхши хабардор манбанинг айтишича, Улфатҳоним Мамадшоевага нисбатан республика Жиноят кодексининг 307-моддаси 2-қисми (Тожикистон Республикаси конституциявий тузумини зўравонлик билан ўзгартиришга оммавий чақириқ) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳибсга олинишидан аввал фаол ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида Хоруғ ва Рушондаги яқинда бўлиб ўтган норозилик намойишларига алоқадорлигини рад этган.

Май ойида Хоруғ ва Рушон туманидаги намойишлардан сўнг ТБМВнинг ўнлаб фуқаролик фаоллари ҳибсга олинган. Бу норозиликлардан сўнг расмийлар минтақада “аксилтеррор операцияси” бошланганини эълон қилди. Натижада, расмий маълумотларга кўра, 16 киши ҳалок бўлган. Маҳаллий аҳолининг айтишича, қурбонлар кўпроқ.

XS
SM
MD
LG