Ссылки доступа

Алишер Усмонов ўзига жорий этилган ЕИ санкциялари бекор қилинишига эришмоқчи


Россиялик тўрт олигарх -Алишер Усмонов, Роман Абрамович, Михаил Фридман ва Пётр Авен Европа Иттифоқи томонидан ўзларига нисбатан жорий этган санкцияларни бекор қилиш илтимоси билан Европа судига мурожаат қилди.

Бу ҳақда хабар берган The Wall Street Journal Европа судига даъво аризалари ҳар бир олигарх томонидан алоҳида-алоҳида киритилганини таъкидлади.

Нашрнинг ёзишича, Алишер Усмонов ва унинг синглиси Гулбаҳор Исмоилова ўзларига нисбатан санкциялар бекор қилинишидан ташқари, ЕИдан 20 минг доллар миқдоридаги суд ҳаражатларини тўлаб беришни талаб этмоқда.

The Wall Street Journal Усмонов судда ўз аризаси тезроқ кўриб чиқилиши учун ҳаракат қилаётганини ёзди. Хабарда айтилишича, буни Усмонов санкциялар ортидан бир неча тижорий келишувлар бекор бўлгани ва оқибатда ўзининг учта ширкати банкротлик ёқасида тургани билан изоҳлаган. Аммо ўтган ойда суд Усмоновнинг бу илтимосини қаноатлантирмаган.

Британия Ташқи ишлар вазирлигининг билдиришича, Алишер Усмонов март ойида санкциялар рўйхатига киритилганидан сўнг бир қатор активларини синглиси Гулбаҳор Исмоилова номига ўтказиб берган. Жумладан, Исмоилова “Дилбар” яхтасининг ягона эгаси ҳисобланади.

Исмоилованинг Британиядаги барча активлари музлатилган ва унга мамлакатга кириш тақиқланган. Гулбаҳор Исмоилова Тошкентдаги Федорович номидаги клиник санаторий акцияларининг 82,1 фоизига ҳам эгалик қилади.

8 апрель куни Европа Иттифоқи Кенгаши Алишер Усмоновнинг яна бир синглиси Саодат Нарзиевани ҳам санкциялар рўйхатига киритди. Коррупция ва уюшган жиноятчиликни ўрганиш маркази (OCCRP) Нарзиева Швейцария банкларидаги умумий қиймати 2 млрд доллардан кўпроқ 27 дан ортиқ банк ҳисобларининг бенефициари экани ҳақида ёзган.

Алишер Усмонов Россиянинг Украинага тажовузи ортидан Россиянинг президент Путинга яқин деб ишонилган бошқа олигархлари қаторида ЕИнинг санкциялар рўйхатига киритилган эди.

Санкциялар доирасида миллиардернинг Европа Иттифоқига кириши тақиқланган, Иттифоқ ҳудудидаги активлари эса музлатилган. Март ойи бошида Франция ҳукумати Алишер Усмоновга алоқадор 2 та вертолётни ҳибс қилди. Шунингдек, Германия ҳукумати Гамбургдаги кемасозлик заводида Алишер Усмоновнинг 600 миллион долларлик “Дилбар” яхтасини тўсиб қўйгани хабар қилинди. Италия нашрлари эса, Сардиниядаги Усмоновга тегишли вилла хатлангани ҳақида хабар берди.

Британияда яшовчи Фридман ва Авен “Альфа-банк”нинг таъсисчиларидир. Улар март ойида ўзларига нисбатан санкция жорий этилиши билан Европа судига даъво аризаси киритишларини билдирган эди.

Португалия фуқарорлигини олган Роман Абрамович эса судда санкциялар унинг Европа Иттифоқи фуқароси сифатидаги ҳуқуқларига даҳл қилаётганини иддао этмоқда.

Россия олигархларининг даъво аризалари бўйича суд жараёнларининг бошланиш муддати ҳозирча аниқ эмас.

XS
SM
MD
LG