Ссылки доступа

“Газпром” Европани газ таъминотида форс-мажор ҳолатлар юзага келгани ҳақида огоҳлантирди


Россиянинг “Газпром” ширкати Европадаги мижозларни “ўзига боғлиқ бўлмаган фавқулодда ҳолатлар” туфайли газ етказиб беришни кафолатлай олмаслиги ҳақида огоҳлантирди. Бу ҳақда Reuters ва Bloomberg агентликлари ширкатнинг мактубига ҳавола берган ҳолда хабар қилган.

Бу ерда гап Германияга ва ундан наридаги мамлакатларга “Шимолий оқим-1” қувури орқали газ етказиб бериш хусусида бормоқда. Агентлик қайдича, “Газпром” хати тўрт кун бурун олинган, аммо унда 14 июндан кейинги газ таъминоти назарда тутилган.

Energy Aspects консалтинг ширкати вакили Тревор Сикорски Bloomberg агентлигига берган изоҳида форс-мажор ҳақида аввалги сана билан билдирилгани “Газпром”нинг 21 июль куни “Шимолий оқим-1” қувури орқали газ таъминотини тиклашни режаламаётганига ишора бўлиши мумкинлигини айтган. Газ қувурида режадаги техник хизмат кўрсатиш ишлари айнан 21 июлда якунланиши керак.

Хат олганлар орасида Германиянинг Россия газини импорт қилувчи энг йирик ширкати бўлмиш Uniper ҳам бор. Ширкат “Газпром” баёнотини асоссиз деб топгани ва рад этганини билдирган. Форс-мажор ҳолатлар ҳақида огоҳлантирув Германиянинг энг йирик электр энергияси ишлаб чиқарувчиси бўлмиш RWE ширкатига ҳам борган.

Австриянинг OMW нефть-газ гуруҳи эса “Шимолий оқим-1” қувури орқали газ таъминоти аввал режаланган муддатда тикланишини кутаётганини билдирган.

Европа ҳукуматлари Россия газ билан шантаж қилиб, санкцияларни бекор қилишни талаб қилиши мумкинлигидан хавфсирамоқда. Москва эса буни қатъиян рад этяпти.

16 июнь куни “Газпром” “Шимолий оқим-1” қувури орқали газ етказиб беришни 60 фоизга камайтирган ва буни газ ҳайдовчи агрегатлар санкциялар туфайли Канадада қолиб кетаётгани билан изоҳлаган эди.

11 июль куни “Шимолий оқим” орқали газ етказиб бериш тўхтатилган. Расмий сабаб – режадаги техник таъмир.

17 июлда Канада таъмирланган Siemens Energy газ турбинасини Германияга жўнатиши фаолларнинг кескин норозилигига сабаб бўлган.

XS
SM
MD
LG