Ссылки доступа

Қирғизистондаги 5 та университет алоҳида мақом олди


Президент Садир Жапаров “Қирғизистон Республикаси олий касб-ҳунар таълими таълим муассасаларининг салоҳияти ва рақобатбардошлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни қабул қилди.

Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Фармонда 5 та олий ўқув юрти – Қирғизистон Миллий университети, Қирғизистон давлат техника университети, Қирғизистон аграр академияси, Қирғизистон давлат тиббиёт академияси ва Ўш давлат университетига алоҳида мақом берилди.

Қайд этилишича, мазкур олий ўқув юртлари бюджетдан ташқари маблағлардан фойдаланиш учун ғазначилик тизимидан ташқари давлат улуши бўлган тижорат банкларида ҳисобварақлар очиш, меҳнатга ҳақ тўлаш учун маблағлар улушини мустақил белгилаш, ўқув, маслаҳат, илмий-тадқиқот ва бошқа фаолиятлардан даромад олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Қарорга кўра, алоҳида мақомга эга бўлган олий ўқув юртлари ҳар йили ўтказиладиган мустақил ташқи ёки ички аудитдан ташқари, 3 йил муддатга барча турдаги текширишлардан озод қилинади.

Мазкур олий ўқув юртлари махсус маблағлар ҳисобидан сотиб олинган кўчар ва кўчмас мулкни, мулкни ижарага беришдан олинган маблағларни мустақил тасарруф этиши мумкин бўлади.

Бундан ташқари, ушбу университетларни бошқа олий ўқув юртлари билан бирлаштириш орқали қайта ташкил этиш кўзда тутилган.

Қарорда Вазирлар Маҳкамасига олий ўқув юртларига профессор-ўқитувчилар таркибини мустақил шакллантириш, таълим фаолиятини лицензиясиз амалга ошириш, мустақил белгиланган стандартлар асосида таълим дастурларини амалга ошириш имконини берувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўйича қатор топшириқлар берилган.

Илм-фан, инновациялар ва янги технологиялар бўйича кенгаш Олий таълим муассасаларини ислоҳ қилиш масаласини кўриб чиқаётгани ва 5 та университетга алоҳида мақом бериш режалаштирилаётгани ҳақида аввалроқ хабар берилган эди.

Қирғизистонда 76 та олий ўқув юрти мавжуд бўлиб, уларда 230 мингдан ортиқ талаба, жумладан, 70 мингга яқини хорижликлар таҳсил олади.

XS
SM
MD
LG