Ссылки доступа

ИИВ журналист Абдулло Гурбатийни ТИУП билан ҳамкорлик қилганликда гумон қилмоқда


Абдулло Гурбати
Абдулло Гурбати

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги ҳибсга олинган журналист Абдулло Гурбатийни мамлакатда фаолияти тақиқланган Тожикистон Ислом Уйғониш партияси билан ҳамкорлик қилганликда гумон қилмоқда. ТИУПнинг даъво қилишича, Гурбатий ҳеч қачон партия аъзоси бўлмаган.

15 июнь куни Абдулло Гурбатий ва блогер Далер Эмомали суд қарори билан икки ойга ҳибсга олинган. Мазкур ҳолат юзасидан Шоҳмансур туман прокуратураси томонидан Абдулло Ғурбатийга нисбатан мазкур туман ички ишлар бўлими ходимининг аризасига кўра Жиноят кодексининг 328-моддаси 1-қисми (Ҳокимият вакилига нисбатан зўравонлик қўллаш) аломатлари билан иш қўзғатилган.

Тожикистон Ички ишлар вазирлигининг Уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси бошлиғи Шоди Ҳафиззода 19 июль куни Душанбеда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Абдулло Гурбатий ҳам тақиқланган ТИУП билан ҳамкорликда гумон қилинаётганини айтди. “Тафсилотларни Абдулло Гурбатий иши тергов қилинаётган Шоҳмансур тумани прокуратурасида билиш мумкин”, — дея қўшимча қилди Ҳафиззода.

Абдулло Гурбатий ҳибсга олинганига бир ойдан кўпроқ вақт ўтди, Душанбенинг Шоҳмансур тумани прокуратураси журналистнинг ҳибсга олинишига ҳозирча изоҳ бермади. Журналистлар Гурбатийнинг адвокати билан ҳозирча боғлана олмади.

Айни пайтда Тожикистонда тақиқланган Ислом Уйғониш партияси раҳбарияти Гурбати ҳеч қачон партия аъзоси бўлмагани ва у билан ҳамкорлик қилмаганини айтди. “Бу асоссиз туҳмат”, деди 19 июль куни Озоди радиосига берган интервьюсида партия матбуот котиби Маҳмуджон Файзраҳмонов.

26 ёшли Абдулло Гурбатий сўнгги уч йилдан бери «Азия-Плюс» ахборот агентлиги учун видеороликлар тайёрлаган. Журналист ўзининг Facebookдаги саҳифасида жамиятдаги муаммолар ҳақида тўғридан-тўғри, кўпинча кескин ва холис гапирди. Абдулло Гурбати яқинда Далер Эмомалига оператор ва продюсер сифатида видеорепортажлар тайёрлашда ёрдам берди.

XS
SM
MD
LG