Ссылки доступа

Европада аномал иссиқ кузатилмоқда


Европа давлатларида аномал иссиқ оқибатида одамлар вафот этмоқда ва минглаб гектар ўрмон ёнмоқда. Олимлар аномал иссиқ сабабларини глобал иқлим ўзгариши билан боғламоқда.

Испания ва Португалияда ўн кундан бери 40 даражадан юқори иссиқ бўлмоқда. Португалияда ҳаво даражаси 47 градусга етди. Бунинг оқибатида бу икки давлатда 700 нафардан кўпроқ киши вафот этди. Испанияда 30 минг гектар, Португалияда 12 минг гектар ўрмон ёнмоқда.

Францияда ҳам аномал иссиқ оқибатида 32 минг гектар ўрмонга ўт кетди. Жиронда шаҳрида 1700 нафар ўт ўчирувчи пляжлар ва узумзорларга яқинлашиб келаётган ёнғинга қарши курашмоқда. Жирондада сўнгги кунларда 32 минг киши ўз уйини ташлаб кетишга мажбур бўлди.

Британияда 19 июль куни 41 даража иссиқ бўлди. Жазирама оқибатида аэропортларнинг учиш-қўниш йўлакларидаги асфальт эриб кетаётгани айтилди. Темирйўлчилар “темир излар иссиқ оқибатида шаклини йўқотиши мумкинлиги”дан огоҳлантирди.

Ирландия пойтахти Дублинда 1887 йилдан бери илк маротаба 33 даража иссиқ бўлди. Бельгия ва Нидерландияда ҳам аномал иссиқ ҳаво бўлиши прогноз қилинмоқда.

Олимлар иқлим ўзгариши оқибатида об-ҳаво янада исиб кетиши мумкинлигини, ўрмонлардаги ёнғинлар кўпайишини айтмоқдалар.

АҚШ Океанлар ва атмосфера тадқиқотлари миллий бошқармасининг маълум қилишича, 2022 йил бошидан бери жаҳонда аномал иссиқ бўйича 188 та ва аномал совуқ бўйича 18 та рекорд қайд этилди.

XS
SM
MD
LG