Кирби АҚШ разведкаси маълумотларига таяниб, Россия расмийлари Херсон, Запороже ва бутун Донбасни Россиянинг бир қисми деб эълон қилиш ниятида экани ҳақида огоҳлантирди. У Москванинг Украинага бостириб кириши пайтида босиб олинган ҳудудлардаги ҳаракатларини Қримдаги воқеалар билан қиёслади.
"Россия Украинанинг ўз назорати остидаги қисмларига аллақачон ноқонуний амалдорларни тайинламоқда. Аввало, бу одамлар сохта референдумлар ўтказади, кейин эса Россия бу референдумлардан фойдаланиб, Украина суверен ҳудудини аннексия қилишга ҳаракат қилади", - деди Кирби.
Оқ уй матбуот котибининг айтишича, Россиянинг нияти ҳақидаги олдинги тахминлар аннексияга қаратилган саъй-ҳаракатлар "кўпроқ келишилган ва янада стратегик" бўлиб бораётгани ҳақидаги разведка маълумотлари билан тасдиқланган. “Ҳудудни куч билан қўшиб олишга уриниш БМТ Низомини қўпол равишда бузиш бўлади ва жазосиз қолмайди”, - дея огоҳлантирди Кирби. У Кремлга қарши янги кескин санкциялар жорий этилишини ҳам эълон қилди.
Кирбининг таъкидлашича, Қўшма Штатлар Кремлнинг режаларини фош қилмоқда, шунда дунё яқинлашиб келаётган ноқонуний аннекция ҳақида хабардор бўлади.