Ссылки доступа

Саноат вазирлиги: Ғарбнинг Россияга қарши санкциялари Тожикистон иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатмоқда


Шерали Кабир, глава Минпрома Таджикистана

Тожикистон ҳукумати Ғарбнинг Россияга қарши санкциялари мамлакат иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатаётганини тан олади. АҚШ ва бошқа Ғарб давлатлари Россиянинг Украинага бостириб киришига жавобан Москвага қарши кенг қамровли иқтисодий санкциялар жорий қилди.

“Бугунги кунда Тожикистоннинг асосий савдо шериги Россия бўлиб, санкциялар жорий этилиши табиий равишда нефть-газ соҳаси каби баъзи стратегик соҳаларимизга таъсир қилади”, деди Тожикистон саноат ва янги технологиялар вазири Шерали Кабир 18 июль куни Душанбеда бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

Россияга қарши санкциялар, саноат вазирлиги раҳбарининг сўзларига кўра, дон бозорига ҳам таъсир кўрсатмоқда.

Шерали Кабирнинг таъкидлашича, санкциялар салбий таъсир кўрсатади, бироқ улар тожик расмийларига таъминотни ўзлари диверсификация қилиш ва янги бозорлар топиш имкониятини беради. Мисол тариқасида у аввалроқ Россиядан сотиб олинган шакар импортини келтирди. Сўнгги бир неча ой ичида шакар Тожикистонга Ҳиндистондан етказиб беришга эришилди.

Айни пайтда, расмий маълумотларга кўра, Тожикистон ва Россия ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш 2022 йилнинг беш ойида қарийб 50 фоизга ўсган. Тожик расмийлари товар айирбошлаш ҳажмининг ошишига изоҳ беришмайди, бироқ Ғарб томонидан Россия Федерациясига нисбатан жорий қилинган санкциялардан Тожикистон ҳам фойда олиши мумкинлигини инкор этмайди. Шерали Кабир, хусусан, Россияга қарши санкциялар жорий этилганидан кейин Тожикистон ҳукумати мамлакатда ўсимлик ёғи ишлаб чиқарувчи корхоналар қуришга қарор қилганини таъкидлади.

Тожикистон ҳукумати санкцияларнинг мамлакат иқтисодиётига таъсирини камайтириш учун махсус дастур ишлаб чиққанини маълум қилди. Ҳужжат тафсилотлари ошкор этилмаган.

Ой бошида АҚШ ҳукумати Марказий Осиё республикаларини, жумладан, Тожикистонни ҳам санкция қўйилган товарлар Россияга кириши мумкин бўлган давлатлар рўйхатига киритди. Ушбу рўйхат Молиявий жиноятларга қарши кураш тармоғи ва АҚШ Савдо вазирлигининг Саноат ва хавфсизлик бюроси томонидан нашр этилган.

Тожикистонлик таҳлилчиларнинг огоҳлантиришича, Россия ва Беларусга реэкспорт қилишда мамлакат расмийлари АҚШ назаридан тушиб қолмаслик учун эҳтиёт бўлишлари керак. Айни пайтда Россияга ёрдам бергани учун санкциялар остида қолишнинг биринчи ва ҳозиргача маълум бўлган ягона ҳолати Ўзбекистоннинг «Promcomplektlogistic» компанияси иши бўлди. Америкаликлар уни Россия мудофаа комплекси корхоналарига электрон компонентлар етказиб берувчи Россиянинг Радиоавтоматика компанияси билан боғлашади.

XS
SM
MD
LG