Ссылки доступа

Вазир: «Қумтор»даги қонунбузарликлар учун атроф-муҳитга етказилган зарарни қоплаш масаласи ҳали ёпилмаган


«Қумтор»ни ўзлаштириш жараёнида экологик ҳуқуқбузарликлар учун етказилган зарарни қоплаш масаласи бўйича суд жараёнлари давом этмоқда.

Бу ҳақда 19 июль куни Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати хабарига кўра, табиий ресурслар, экология ва техника назорати вазири Динара Қутманова маълум қилди.

Ўтган олти ойда амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисобот бериш мақсадида ташкил этилган матбуот анжуманида вазир журналистларнинг «Қумтор» бўйича саволларига жавоб берди. Атроф-муҳитга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги иш ҳақида гапирар экан, у ҳар қандай инвестор ёки тадбиркорлик субъекти қонунларга, жумладан, экологик қонунчиликка ҳам амал қилиши кераклигини таъкидлади.

“Қонунбузарликлар учта комиссия томонидан аниқланди. Бу ерда ҳеч қандай имо-ишоралар, шунингдек, менинг позициямга оид изоҳлар бўлиши мумкин эмас: факт бор ва уни ҳеч ким бекор қилмаган. Суд жараёни давом этмоқда, масала бўйича якуний сўз ҳали айтилмаган”, — деди Қутманова.

Аввалроқ ушбу масала бўйича суд қарорларини изоҳлар экан, вазир «Қумтор»ни Қирғизистонга ўтказиш бўйича келишувга қарамай, конни ўзлаштириш жараёнида экологик қоидабузарликлар учун «Центерра» тўлаши кераклигини айтган эди.

2021 йилда фуқаролик фаоллари “Қумтор Голд Компанй” устидан судга мурожаат қилган. Ўша йилнинг 7 майида Бишкекнинг Октябрь туман суди даъвони қаноатлантириб, Давидов ва Лиси музликларида чиқиндиларни сақлашни ноқонуний деб топди. Кейин суд “Қумтор Голд Компанй”дан атроф-муҳитга етказилган зарарни қоплаш сифатида давлат фойдасига 261 миллиард 719 миллион 674 минг сом ундириш тўғрисида қарор чиқарди. Бундан ташқари, компания 1 миллиард 300 миллион сом йиғим тўлаши керак эди. Шу йилнинг 24 май куни Бишкек шаҳар суди биринчи инстанция қарорини бекор қилди.

Фаоллардан бири Наристе Калчаевнинг Озодликка айтишича, улар қарор устидан Олий судга шикоят қилиш ниятида. Унинг қайд этишича, шикоят 24 августгача топширилади.

2021 йил май ойида Қирғизистон ҳукумати Қумтор конини бошқаришни ўз қўлига олди. Парламент Вазирлар Маҳкамасига корхонада ташқи бошқарувни жорий этишни топширди. Мамлакат расмийлари бундан буён Қирғизистон конни мустақил равишда ўзлаштиришини ва олтин сотишдан барча фойда олишини айтди.

XS
SM
MD
LG