Ссылки доступа

Хитой БМТнинг Шинжон бўйича ҳисоботини чоп этилишига тўсқинлик қилмоқчи


Хитой Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Мишел Бачелетдан Хитойнинг Шинжон минтақасида инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳақидаги ҳисоботни чоп этмасликни сўрамоқда.

Бу ҳақда Хитой томони ёзган мактубда айтилади. Ҳужжат билан Reuters агентлиги танишди.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Пекинни мусулмонлар: уйғурлар, қозоқлар, қирғизлар ва Шинжоннинг бошқа туб халқлари вакилларининг ҳуқуқларини поймол қилишда айбламоқда. Хусусан, ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, Хитой расмийлари мусулмонларни асоссиз ҳибсга олиб, қамоқхоналар ва “сиёсий қайта тарбиялаш лагерлари”га жойлаштиради. Хитой бу айбловларни доимо рад этиб келади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича бир гуруҳ экспертлар уч йилдан ортиқ вақтдан бери Хитойдаги уйғур озчилигининг аҳволи ҳақида ҳисобот тайёрламоқда. Бачелет уни кетишидан олдин 2022 йил август ойи охирида нашр этишга ваъда берди.

Хитой дипломатлари ёзган мактубда Шинжон ҳақидаги ҳисоботдан “жиддий хавотир” билдирилган. "Биз Олий комиссар хонимни бундай баҳони эълон қилмасликка қатъий чақирамиз", дейилади ҳужжатда.

Хитой мактубни хорижий дипломатларга тарқатиб, имзо қўйишни сўради. Уч дипломат бу ҳужжатни олганини тасдиқлади.

Икки дипломатга кўра, баъзида мамлакатлар Хитой билан яқин иқтисодий алоқалар туфайли уни қўллаб-қувватлашдан бош тортиши қийин. Reuters мактубда қанча имзо борлигини аниқлай олмади.

Мишел Бачелетнинг ўзи Хитойдан хат олганми ёки йўқлиги ҳам номаълум. Комиссар 2022 йил май ойида Шинжонга ташриф буюрди. Ташрифдан кейинги матбуот анжуманида у Хитойнинг инсон ҳуқуқлари бузилишини тан олишдан қочди. Кейинроқ Бачелет Шинжонда бўлганида уйғур маҳбуслари ва уларнинг яқинлари билан гаплаша олмаганини тан олди. Бундан ташқари, ҳукумат амалдорлари унга доимий равишда ушбу ҳудуд бўйлаб саёҳатда ҳамроҳлик қилишди.

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги вакилининг айтишича, ташриф давомида Бачелет “хавфсиз ва барқарор жамиятга эга ҳақиқий Шинжонни” кўрган.

2017 йилдан буён Хитойдан асосан ислом динига эътиқод қилувчи туркийзабон маҳаллий халқлар зулмга учрагани, уйғурлар, қозоқлар ва бошқаларни “сиёсий қайта тарбиялаш лагерларига” мажбуран жўнатиш, паспортлари тортиб олиниб, қўлга олингани ҳақида хабарлар келиб тушмоқда. Сўнгги йилларда Шинжондаги кўплаб маҳаллий этник гуруҳлар ҳибсга олинишидан қўрқиб, Хитойни тарк этишган.

Хитой сиёсати Ғарб давлатлари, жумладан АҚШ томонидан кескин танқид қилиниб, Шинжонда содир бўлаётган воқеаларни геноцид деб атамоқда. Пекин бу айбловларни рад этиб, лагерларни экстремизм ва терроризмга қарши кураш учун ташкил этилган “касб-ҳунар ўргатиш марказлари” деб атаган.

XS
SM
MD
LG