Ссылки доступа

Tajik Air авиакомпаниясининг ҳисоблари ҳибсга олинди


Тожикистон миллий авиаташувчиси Tajik Air авиакомпаниясининг банк ҳисоб рақамлари ҳибсга олинди, деб хабар қилди мамлакат ҳукумати ҳузуридаги Мажбурий ижро хизмати. Агентлик авиакомпаниядан Литванинг Skyroad Leasing компанияси фойдасига 20 миллион доллар ундирмоқчи.

Тожикистон ҳукумати Мажбурий ижро хизмати масъул ходими Шариф Нурзода 20 июль куни журналистларга маълум қилишича, агентлик Тожикистон Олий хўжалик суди қарорини бажариш учун “Tajik Air”дан Литва компанияси фойдасига 20 миллион доллар ундириб олиши керак. “ОХС қарори ижроси доирасида авиакомпаниянинг барча ҳисоблари ҳибсга олинди”, — деди Нурзода.

Миллий авиакомпания раҳбариятидан изоҳ олишга уринишларимиз бесамар кетди. Аввалроқ авиакомпания маблағнинг катта қисмини тўлаб бўлганини ва Литва компаниясига 20 миллион доллар тўламоқчи эмаслигини маълум қилганди.

2009 йилда Tajik Air Литванинг Skyroad Leasing компаниясидан (ўша пайтда AB Avia Asset Management) лизинг асосида иккита Боэинг 737-500 самолётини сотиб олди. Маълум қилинишича, Тожикистон миллий авиаташувчиси самолётлардан нотўғри фойдаланган, самолётлар ижараси учун ойлик тўловни тўлашни тўхтатган ва унинг вакили компания манфаатларини ҳимоя қилиши керак бўлган судга келмаган.

2018 йилнинг апрель ойида Вилнюс арбитраж суди Tajik Air компаниясидан Skyroad Leasing фойдасига иккита Боэинг самолёти ижараси учун 20 миллион 301 минг 900 доллар ундиришга қарор қилди. Душанбе иқтисодий суди Вилнюс арбитраж суди қарорини тан олмади ва Литва компаниясини Тожикистон Олий арбитраж судида жавобгарликка тортди. Бироқ Тожикистон Олий хўжалик суди Литва ширкатининг даъвоси асосида Душанбе шаҳар суди қарорини бекор қилди. 2021 йил январь ойида АҚШ Колумбия округи федерал суди Tajik Air компаниясининг аризасини қаноатлантирди ва ташувчига қарши 20 миллион доллардан ортиқ суммадаги арбитраж қарорини тан олиш ва ижро этиш тўғрисидаги аризани кўриб чиқишни рад этди. Ҳуқуқий кураш бугунги кунгача давом этмоқда.

Тожикистон ҳукумати ҳузуридаги Ижро хизмати агентлик авиакомпаниядан Литва компанияси фойдасига 20 миллион доллар ундириши кераклигини маълум қилди. Бироқ Мажбурий ижро хизмати ходимларидан бири тан олганидек, ҳозирда миллий авиаташувчида бундай пул йўқ. Tajik Air солиқ ва бошқа тўловлардан катта миқдорда қарздор. «Миллий авиаташувчи биринчи навбатда ходимларнинг иш ҳақи ва Солиқ қўмитаси олдидаги қарзларини тўлаши керак, бироқ авиакомпанияда пул йўқ. Литва ширкатининг даъвоси ижроси маблағ йўқлиги сабабли бир неча бор қолдирилди», - деди Мажбурий ижро хизмати расмийларидан бири.

Ҳозирда авиакомпаниянинг бир неча лайнери ҳибсга олинган. Улардан бири skyroad Leasing даъвосини кўриб чиққан суд қарори билан 2019 йилдан бери Москвадаги Внуково аэропортида ҳибсга олинган.

Айни пайтда Литва компанияси Tajik Airдан 20 миллион доллар ундирмоқчи. Skyroad Leasing вакили Паулиус Дока аввалроқ агар Tajik Aur 20 миллион доллар тўлашдан бош тортса, компания Тожикистон давлатини судга беришини айтган эди.

Tajik Air бир неча йилдан бери инқирозда. 2015 йилда Тожикистон ҳукумати авиакомпаниянинг 370 минг доллар, 2020 йил июлида эса яна 2 миллионга яқин қарзларини кредиторлари билан ҳисоб-китоб қилиш орқали ҳисобдан чиқарган. 2019 йилда ҳукумат авиакомпаниянинг солиқ органлари ва давлат корхоналари олдидаги 2,6 миллион долларлик қарзларини бекор қилди.

Ўтган йили «Озоди» радиоси ўтказган тергов натижаларига кўра, Тожикистон миллий авиаташувчиси банкротлик ёқасида турибди. Ҳозирда Tajik Airнинг солиқ идоралари, банклар, аэропортлар ва бошқа техник хизматлардан 40 миллион доллардан ортиқ қарзи бор.

XS
SM
MD
LG